ФУТБОЛ: Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда “Интер” футбол клуби академиясининг расмий филиалини очишга эриша оладими?

Италия мураббийлари ассоциацияси президенти ва Италия футбол федерацияси мураббийлар мактаби раҳбари Ренцо Уливьери ҳамда Италия футбол федерациясининг Ёшлар сектори техник координатори Стефано Бонаккорсо шу йилнинг 15-23 июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради.
Ўзбекистон футбол ассоциациясида янги-янги ислоҳотлар амалга оширила бошлангач, биринчи навбатда, болалар футболига эътибор кучайтирилди. Ташкилот раҳбари Умид Аҳмаджонов қаерга бормасин, қайси давлат футболи мутасаддилари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатмасин, энг аввало, болалар мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этиш, юртимизда хорижий мамлакатлар тажрибасини йўлга қўйишга катта урғу бермоқда.
Бунинг натижасида нафақат Осиёдан, балки Европанинг футболи ривожланган мамлакатларидан болалар мутахассисларининг юртимизга ташрифи кўпаймоқда.
Яқинда Испаниянинг “Реал Мадрид” академияси мутахассислари пойтахтимизда иш бошлашди. Машҳур академия мураббийлари болажонларга ҳамда болалар мураббийларига мастер-класслар ўтишмоқда. Испанияликларнинг дастури 15 июнга қадар давом этади. Айнан ўша санадан италияликлар иш бошлайдиган бўлди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси ва келишувига биноан Италия футбол ассоциацияси билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди. Италия мураббийлари ассоциацияси президенти ва Италия футбол федерацияси мураббийлар мактаби раҳбари Ренцо Уливьери ЎФА билан ҳамкорлик қилиш, ўзбекистонлик мураббийлар салоҳиятини ошириш ҳамда Ўзбекистонда футболнинг ривожига ҳисса қўшишга тайёр эканини маълум қилган.
Музокаралардан кўзланган мақсад пойтахтимизда “Интер” футбол клуби академияси расмий филиалини очишга эришишдир. Агар музокаралар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон “Интер” клуби академиясининг расмий филиали очилган дунёдаги иккинчи мамлакатга айланади. Айни пайтда дунё бўйича Италиядан ташқари фақат Хитойда “Интер” клуби академияси фаолиятини давом эттирмоқда. Сабаби, клуб акцияларининг катта қисми Хитойнинг “Suning Commerce Group” компанияси ҳисобланади.
“Интер” академияси дунёга машҳур футбол академияси ҳисобланиб, ўтган йили академия тарбияланувчилари Италияда 15, 16, 17 ва 18 ёшлилар ўртасидаги чемпионатларда ғолибликни қўлга киритишган.
Ренцо Уливьери ҳамда Италия футбол федерациясининг Ёшлар сектори техник координатори Стефано Бонаккорсо шу йилнинг 15-23 июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, юртимиздаги болалар футболи мураббийлари учун машғулот ўтказиш тартиби, учрашувларга тактик ва жисмоний тайёргарлик кўриш масалалари бўйича ўқув курслари ўтиши режалаштирилган.
Ойбек Юнусов

 

ЎзА