ФУТБОЛ: Миллий термамиз Уругвайда, олимпиячиларимиз эса Тошкентда

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоамиз 7 июнь куни Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати иштирокчиси Уругвай миллий термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун ушбу мамлакатга жўнаб кетган. Термамиз аъзолари Тошкент-Истамбул-Мадрид-Монтевидео йўналиши бўйлаб сафар қилиб, Уругвай пойтахтига етиб боришди. 
Уругвайга қарши учрашув 7 июндан 8 июнга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан тонг саҳар соат 04:00да бошланади.
Миллий термамиз Уругвайга сафар қилган дамда Тошкентда Олимпия термамизнинг ўқув-машғулот йиғини бошланди. Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси кеча 24 нафар футболчидан иборат таркиб билан йиғинга киришди.
“Чиғатой” спорт базасида истиқомат қилиб, “Бунёдкор” стадионида машғулот олиб борадиган футболчиларимиз йиғин давомида мураббийлардан турли назарий ҳамда тактик кўрсатмалар олишади, жисмоний ҳолатлари бўйича тест синовларидан ўтишади.
Шунингдек, йиғин доирасида 6 июнь куни Тошкентнинг “Локомотив” ҳамда 7 июнь куни Бекободнинг “Металлург” жамоалари билан назорат учрашувлари ташкил этиш режалаштирилган.
8 июнга қадар давом этадиган йиғинга қуйидаги футболчилар жалб этилган:
Дарвозабоналар – Шоҳруҳ Раимов (“Динамо”), Машҳур Муҳаммаджонов (“Насаф”), Низом Зиёвутдинов (АГМК).
Ҳимоячилар – Ҳожиакбар Алижонов (“Пахтакор”), Илҳом Алижонов (“Сурхон”), Шерзод Насруллаев (“Насаф”), Абубакир Мўйдинов (“Бунёдкор”, Ойбек Рустамов (“Қўқон-1912”), Ҳусниддин Ғофуров, Аваз Ўлмасалиев (иккласи ҳам “Нефтчи”дан), Дониёр Ҳошимов (“Металлург”), Ҳусниддин Алиқулов (“Машъал”).
Ярим ҳимоячилар – Нурилло Тўхтасинов (“Сўғдиёна”), Шароф Муҳитдинов, Ислом Рашидхонов (иккласи ҳам “Насаф”дан), Санжар Қодирқулов, Расул Йўлдошев, Даврон Умиров, Фарруҳ Икромов (барчаси “Бунёдкор”дан), Азизбек Омонов (“Локомотив”), Аброр Исмоилов (“Нефтчи”), Аброр Тошқўзиев (“Металлург”).
Ҳужумчилар – Жасур Холтўраев (“Шўртан”), Жаҳонгир Абдусаломов (“Бунёдкор”).

 

ЎзА