Чимбойда Бердақ ва Кунхўжа меъмориал мажмуаси қад ростламоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида қорақалпоқ халқининг буюк фарзандлари Бердақ ва Кунхўжа шоирларга рамзий қабр ташкил қилиниб, меъмориал музейи қад ростламоқда.
Айни пайтда буюк шоирларнинг мақбараларига тамал тоши қўйилиб, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир.
– Ўтмишга қайтиб иш кўриш хайрлидир. Тарихни билиш, уни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш бурчимиздир, – дейди Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбай Каримов. – Бердақ ва Кунхўжа шоирларнинг рамзий қабри ташкил қилиниб, мақбара барпо этилиши, уларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музей қад ростлаши ҳамда бу жойда боғ яратилиб, коммуникация тармоқларининг олиб келиниши ҳақидаги дастлабки қадамлар бутун ижод аҳлини хушнуд этди.
3003e620-8df3-49a7-98c8-8de711d783f4.jpg
Таъкидлаш жоиз, Бердақ ва Кунхўжа шоирларнинг қабри Чимбой туманидаги “Қорақум эшон” қабристонида жойлашган. Бу жой Нукус шаҳридан деярли 120 километр узоқликда жойлашган. 3 ярим – 4 гектар майдонни эгаллаган мазкур қабристон атрофида аҳоли сийрак жойлашган, сув таъминоти йўқ, тупроқнинг шўрланиш даражаси юқори. Ўз навбатида ушбу ҳолатлар бу жойда ободонлаштириш масаласида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Лекин шунга қарамасдан бу жойда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
– Рамазон ойида бошланган хайрли ишлардан бири – бу Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан Чимбой тумани ҳудудидан буюк шоирларимиз Бердақ ва Кунхўжага рамзий қабр ташкил этилиши бўлди, – дейди Чимбой тумани ҳокими Пўлат Ешанов. – Тарихда беш шаҳарнинг бири сифатида донг таратган Чимбой шаҳрини қайтадан сайёҳлик марказига айлантиришни режалаштирганмиз.
Мажмуа барпо қилинаётган жойда аввал қорақалпоқ бахшичилик мактаби асосчиси Ақимбет бахши мақбараси қад ростлаб, атрофи ободонлаштирилган эди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА