“Адолат” СДПдан АКЦИЯ! Сизнинг беғараз кўмагингиз бемор болаларнинг ҳаётдан умидвор кўнгилларига малҳам бўлади

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан беғараз донорлик акцияси ўтказилади.
Тадбирни ўтказишдан мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилгандир.
Албатта, беғараз қон топшириш, бирор-бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш инсоннинг инсонга тақдим этган олий даражадаги совғасидир. Бир сўз билан айтганда, ҳаёт бахш этиш – савоб ишларнинг олий ифодаси.
Бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ишга бел боғлаган ҳамшаҳарларимизни жорий йилнинг 1 июнь куни соат 11:00дан 14:00га қадар Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтига таклиф этамиз.
Ушбу акция нафақат Тошкент шаҳрида, балки Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳам шу куннинг ўзида ташкил қилинади.
Сизнинг қонингиз оғир бемор болалар ва уларнинг ҳаётидан умидвор кўнгилларга малҳам бўлиши шубҳасиз.

 

Ҳурмат билан,
Ўзбeкистон «Адолат» социал-дeмократик партияси

 

ЎзА