Автомобиль йўллари давлат қўмитасида Япония ҳукуматининг «Иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт дастури» доирасидаги гранти асосида «Ўзбекистондаги йўл қурилиши ва таъмири учун Япония техникаларини беғараз тақдим этиш» бўйича ҳукуматлараро ҳужжатга имзо чекиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси А.Абдувалиев, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито ва бошқалар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар турли йўналишларда ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат ўртасида эришилган келишувлар муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.

Мазкур лойиҳа асосида Япониянинг «Sakai Heavy Industries Ltd» компаниясининг йўл қурилиши ва таъмирлашга мўлжалланган техникалари олиб келинади. Бу техникаларни асосан «Обод қишлоқ» дастури доирасида Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ ва овуллар ички йўлларини таъмирлашга жалб қилиш кўзда тутилган.

 

Даврон Суннатов, ЎзА