Сўнгги 50 йил мобайнида чекиш туфайли 62 миллион киши ҳаёт билан видолашди. Бу Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлардан анча кўпдир.

 

 

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги йилларда жамоат жойларида чекишни тақиқлаш, рекламаларни чеклаш ва бошқа бир қатор чора-тадбирлар натижасида Европада чекувчилар сони 40 фоизгача камайган. Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, чекиш орқали юзага келган касалликларни даволаш учун Европа Иттифоқи бир йилда 34 миллиард доллар сарфлар экан. Европа Иттифоқининг 28 мамлакатида ҳар йили 700 минг нафарга яқин киши чекиш туфайли вафот этади.

Ҳамма чекиш зарар эканини билади. Бироқ, унинг фожиасини ҳаммамиз ҳам тасаввур қила олмаймиз. ХХ асрда чекиш туфайли юз миллиондан ортиқ киши вафот этди. Сўнгги 50 йил мобайнида чекиш туфайли 62 миллион киши ҳаёт билан видолашди. Бу Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлардан анча кўпдир. Таҳлилчиларнинг фикрича, ХXI асрда чекиш туфайли 1 миллиард киши ҳалок бўлиши мумкин. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти жаҳон мамлакатларида чекишга қарши кенг қамровли тадбирлар ўтказмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, Европа ва АҚШда чекувчилар сони кескин қисқариб бормоқда. Эндиликда ривожланаётган мамлакатларда чекувчилар сон жиҳатидан кўпайиб бораётгани айтилади. Бугунги кунда ривожланиш йўлига кирган мамлакатлар эркакларининг 60 фоизи, аёлларининг 10 фоизи чекар экан. Бундан 40 йил аввал Осиё ва Африка мамлакатларида чекувчи аёллар деярли йўқ эди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг фикрича, агар қўшимча зарур чоралар кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда, 2030 йилга бориб ҳар йили сигарет 8 миллион кишининг ёстиғини қуритади.

 

 

Ривожланган мамлакатларнинг миллионлаб ёшлари чекишни ташлаб соғлом турмуш тарзини афзал кўрмоқда. Минглаб собиқ кашандалар “чекишсиз ҳаёт” дея, замонавий спорт турлари билан шуғулланишга қарор қилди. 1995 йилда Европа Иттифоқи мамлакатларида истиқомат қилувчи ҳар 3 кишидан бири, аёлларнинг тўрттасидан биттаси кунига 10 тадан 14 тагача сигарет чеккан. Ўшанда чекувчилар сони бўйича Греция, Дания, Италия ва Франция олдинги ўринларда турарди. 1999 йилга келиб “кўҳна қитъа”да чекувчилар сони 34 фоизга тушиб қолди.

 

 

АҚШда адвокатлар тамаки саноати корхоналарини истеъмолчиларни алдаётганликда айблаб, уларга қарши суд жараёнларини бошлаб юбориб, кўп ҳолларда бўлиб ўтган судларга ютиб чиқишмоқда. АҚШда чекишга қарши олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида сўнгги 40 йилда чекувчилар сони икки баробар камайиб кетди. 1965 йилда “океанорти” мамлакатида катта ёшдаги аҳолининг 42 фоизи чеккан бўлса, 2006 йилга келиб бу рақам 20,8 фоизни ташкил қилди. Чекиш модадан қолиб, замонавий америкалик ёшлар ўтмиш аждодларининг зарарли одатларидан воз кечишга қарор қилди.

Таҳлилчилар 2050 йилга бориб Буюк Британияда чекувчилар сони кескин қисқариб кетишини башорат қилишмоқда. Ўтган асрнинг 60-йилларида бу мамлакатда аҳолининг ярмидан кўпи чекар эди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида чекувчилар тамакидан воз кечмоқда. Бунинг самараси ўлароқ мамлакатда 1974 йилдан бошлаб чекувчилар сони йил сайин камайиб бормоқда. Бугунги кунда мазкур мамлакатдаги катта ёшдаги аҳолининг 25 фоизи чекар экан. Яқинда ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 3 дан 2 қисми бу зарарли одатни ташлаш ниятида эканини билдирган. Буюк Британиядаги барча бар, ресторан, клуб ва кўплаб ташкилотларда чекиш тақиқланган.

 

 

Германиялик ўсмирлар сўнгги йилларда чекиш ва ичишни ташлагани ойдинлашди. Тарқатилган хабарларга қараганда, 10 йил аввал ҳар 4 нафар ўсмирдан бири чеккан бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 13 фоизга камайган.

 

 

“Индепендент” газетасининг ёзишича, ривожланган мамлакатларда чекувчилар сони камайиб бораётгани боис тамаки компаниялари ўз фаолиятларини “учинчи дунё” мамлакатларида давом этирмоқда. 1990 йилда сигарет сотилиши бўйича бадавлат давлатлар ҳиссасига 38 фоиз тўғри келган бўлса, 2009 йилда бу рақам 24 фоизга камайди. Жаҳонда сотилаётган сигаретларнинг 76 фоизи ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келар экан.

XVIII аср охири, XIX аср бошларида папирос ишлаб чиқарадиган машинанинг ихтиро қилиниши билан чекиш оммалаша бошлади. Чекишга бўлган муносабат 1956 йилда бирданига ўзгарди. Ўшанда жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 40 мингга яқин шифокор ўз мижозларининг касаллигига тамаки айбдор деган хулосага келган эди. Чекиш турли касалликларни келтириб чиқаришдан ташқари инсон умрини 15-20 йилга қисқартириши аллақачон исботланган.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА