Пойтахтимиздаги Ёшлар марказида туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларининг махсус таъмирлаш-эксплуатация қилиш хизматига автомашиналар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикасы Халқ таълими вазири А.Аяпов очиб берди. Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов йиғилганларни янги хизмат автомашиналари топширилиши билан табриклаб, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида таълим соҳаси ишларини такомиллаштириш, уларни қўллаб-қуватлаш ҳамда рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг миқёсли тадбирларга тўқталиб ўтди.

Таъқидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21августтаги «Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молияларини назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори негизида туман ва шаҳар Халқ таълими бўлимларида янгидан ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация қилиш хизмати тишкил этилди. Улар бўлимларга қарашли бино ва иморатларни тегишли эксплуатация қилиш, сув, электр энергияси, табиий газдан тежамли фойдаланиш, уларни ҳисоблайдиган асбоб-ускуналар ҳолатини мониторинг қилиш сингари қатор вазифаларни бажаради.

Тадбирда Қораўзак тумани Халқ таълими бўлими раиси Д.Изеттуллаев, Амударё тумани Халқ таълими бўлими раиси А.Йўлдошев, Нукус шаҳар Халқ таълими бўлими раиси Қ.Уматов алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга, республикамиз раҳбарларига миннатдорчилик билдирди.

-Янги хизмат машиналарининг топширилиши энг чекка ҳудудларда жойлашган умум таълим мактабларига ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради,-дейди Мўйноқ тумани Халқ таълими бўлими махсус таъмирлаш-эксплуатация қилиш хизмати раиси Қайрат Қайпов. –Туманимизда 16 та умум таълим мактаби, битта «Баркамол авлод» маркази бўлиб, шундан 14 ва 15-сонли умум таълим мактаблари «Қозоқдарё», 16, 17 ва 18-сонли умум таълим мактаблари «Ҳаким ота» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудларида жойлашган.

Тадбир сўнгида туман ва шаҳар Халқ таълими бўлимларининг махсус таъмирлаш-эксплуатация қилиш хизматларига 28 дона «Дамас» маркали автомашина калитлари тантанали тарзда топширилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.