Агротуризм Испания, Италия, Буюк Британия, Греция, Франция каби мамлакатларда яхши ривожланган. Бунда сайёҳлар маълум муддат қишлоқда яшаган ҳолда маҳаллий урф-одатлар, яшаш тарзи билан танишиб, анъанавий қишлоқ меҳнатларида иштирок этади.

Юртимизда ҳам туризмнинг мазкур йўналишини ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Боиси ўзига хос табиатга эга сўлим қишлоқларимиз, у ердаги сайёҳлар эътиборини тортадиган турмуш тарзи, маҳаллий урф-одатлар кўпчилик учун қизиқ.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида намунали фермер хўжаликларини сайёҳларга хизмат кўрсатишга мослаштириш, уларга сайёҳларни жалб қилиш ҳамда хорижликларнинг мамлакатимизда бўлиш муддатларини узайтириш мақсадида агротуризмни ривожлантиришга доир вазифалар белгиланган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хорижий сайёҳларнинг юртимизда бўлиш муддатларини узайтириш, маҳаллий сайёҳлар учун янги дам олиш турларини ташкил этиш мақсадида агротуризмни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

– Мамлакатимиз бўйлаб агротуризм йўналишида туристларни қабул қиладиган объектлар рўйхати шакллантирилмоқда, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бош мутахассиси Азиз Махсумов. – Қўмитанинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида агротуризм объектлари тўғрисида маълумотлар, туроператорлар томонидан туризм дастурлари шакллантирилди. Улар муcтақил равишда ташриф буюрадиган сайёҳларга ҳам берилади. Бу орқали сайёҳлар ушбу объектларга бориши ҳамда туризмнинг янгича йўналишлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Агротуризм йўналишида фаолият олиб бориш истагида бўлганлар қўмитанинг @Agroturizm телеграм гуруҳига аъзо бўлиши мумкин. Гуруҳда соҳага оид янгиликлар, агротуризм объектлари рўйхати, хориж тажрибаси, статистик маълумотлар, инновацион ғоялар ва ташаббуслар ҳақида маълумотлар эълон қилиб борилади.

Бугунги кунда агротуризмга сайёҳликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналиши сифатида қаралмоқда. Ушбу йўналишда ўз хизматларини таклиф этаётган масканлардан бири Фарғона вилояти, Учкўприк туманида жойлашган “Меҳригиё” сиҳатгоҳидир.

Тажрибали шифокорлар, фитотерапевтлар ва халқ табобати ходимларини бирлаштирган ушбу масканда мижозларга замонавий дори-дармонлар ҳамда қадимий шарқ табобати анъаналари асосида хизмат кўрсатилади. Масканга қарашли хўжаликда 30 дан ортиқ турдаги доривор ўтлардан чойлар, шифобахш ёғ ва экстрактлар ишлаб чиқарилади.

Бу ерда сайёҳлар табиий етиштирилаётган доривор гиёҳлар, жумладан, зайтун, розмарин, гуава ва бошқа кўплаб доривор бута ва ўсимликлардан шифобахш ичимликлар тайёрлаш жараёнини ўз кўзлари билан кўриши ва татиб кўриши, ўзига маъқул бўлган дори воситаларини харид қилиши мумкин.

Бундан ташқари, ушбу маскандаги шинам тамаддихоналар, плантациялар, дам олиш хоналари ҳам сайёҳларга манзур бўлмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА