Муборак Рамазон ойи муносабати билан «Автотест – Нукус» масъулияти чекланган жамияти хайрия акцияси ўтказди.

Жамият ташаббуси билан Чимбой ва Хўжайли туманларидаги Мурувват уйлари, Тахиатош уруш ва меҳнат фахрийлари санаториясига хайрия ёрдами ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига ногиронлар аравачаси топширилди.

– Бу акция Президентимизнинг 2018 йил 11 майдаги «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилди, –дейди «Автотест – Нукус» МЧЖ директори ўринбосари К.Омаров. – Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак. Оламни ёритган ойда бу каби хайрия тадбирлари ўтказиш эса ғоят савоблидир.

«Автотест – Нукус» МЧЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида иш бошлаган.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА