Францияда “Ўзбекистон куни” ўтказилади

Ўзбекистон ва Халқаро Эпизоотик Бюро ўртасидаги ҳамкорликни келгусида ҳам янада мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Аввал хабар қилганимиздек, Париж шаҳрида Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (Халқаро Эпизоотик Бюро) ассамблеясининг 86-бош сессияси бўлиб ўтмоқда.
Давлат ветеринария қўмитаси ахборот хизмати маълум қилишича, йирик анжуманда иштирок этаётган Ўзбекистон Давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов Халқаро Эпизоотик Бюро бош директори М. Элуа билан расмий учрашув ўтказди.
IMG_20180523_042245.jpg
Учрашувда Ўзбекистон ва Халқаро Эпизоотик Бюро ўртасидаги ҳамкорликни келгусида янада мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, 2019 йилда 181 давлат вакиллари иштирокида ўтказиладиган ассамблеянинг навбатдаги сессиясида бир кунни “Ўзбекистон куни” этиб белгилаш ва уни нишонлашга келишилди.
Ташкил этиладиган “Ўзбекистон куни” доирасида Ўзбекистондан етишиб чиққан мутафаккир, алломалар ҳақида, юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари ҳақида маълумотлар ҳам берилади. Шунингдек, ўзбек миллий таомлари тортилиб, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз театрлаштирилган тарзда намойиш этилади. Бу эса 181 давлат вакилларининг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини янада бойишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Учрашувда яқинда ташкил этилган Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ҳамкорликда лойиҳалар амалга ошириш, юқори малакали ветеринария мутахассисларини тайёрлаш борасида ҳам келишувга эришилди.
Бундай лойиҳалар хорижнинг илғор университет ва институтларида ишлаётган профессор-ўқитувчиларни янги ташкил этилган институтга жалб этиш, талабаларни жаҳон амалиётидан хабардор этиш, масофадан ўқитиш каби ишларни амалга ошириш орқали ветеринария мутахассисларини халқаро талабларга мувофиқ тайёрлашда қўл келади.

 

ЎзА