Мактаб директори Азамат Умаров педагогларни ободонлаштириш ишларига жалб қилгани учун лавозимидан четлатилди. Жорий йилнинг апрелига қадар Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Умаров кейинги лавозимидан ҳам бўшатилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Азамат Умаров эндигина Самарқанд шаҳридаги 62-сонли махсус мактаб-интернати директори лавозимига тайинланганди. Шундан сўнг, директор томонидан мазкур мактаб педагогларини ободонлаштириш, кўча тозалаш ишларига жалб қилингани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Ушбу вазиятни ўрганиб чиққан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳузуридаги Ўқитувчиларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб этишга қарши курашиш бўйича комиссияси бўлиб ўтган воқеани тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Самарқанд шаҳридаги 62-сонли мактаб-интернати директори муассаса ҳовлисида ишчи-ходимлар иштирокида ободонлаштириш ишларини ташкил қилганлиги аниқланган. Бироқ мактаб раҳбари ободонлаштириш ишларини нотўғри тарғиб қилган, педагог жамоада норозилик кайфиятини уйғотган ва муассасада соғлом муҳитни ўрнатолмаган.

Шундай қилиб, Комиссия тавсиясига кўра мактаб-интернати директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, ихтиёрий-мажбурий ҳашар ташкил қилиш тақиқланганди. Ҳужжатга мувофиқ, ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғликни сақлаш муассасалари бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассаса ўқитувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилар ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва чек қўйишга, бундай ҳолат рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш вазифалари юклатилганди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.