Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 май кунги «Энергия ресурсларини истеъмол қилиш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш, шунингдек, ижро ишини юритиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги №379-сонли қарори қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси энергия ресурсларини истеъмол қилиш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш, шунингдек, ижро ишини юритиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу қарорга келган.

Қарор матнига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 майдан бошлаб қарздорлар, шу жумладан, етказиб берилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлар тўғрисида барча учун очиқ маълумотлар базаси ишлаб чиқилмоқда.

Йирик битимлар, айрим турдаги молия-кредит хизматлари, халқаро йўловчи ташиш хизматлари ва давлат хизматлари жисмоний ва юридик шахсларнинг электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги текширилганидан кейин амалга оширилади;

Қарздорлик мавжудлигини текшириш вақолатли ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали онлайн режимида тегишли йирик битимларни амалга ошириш ва хизматлар кўрсатишдан аввал амалга оширилади;

Йирик битимларни амалга ошириш ва тегишли хизматлар кўрсатишга қарздорликни текшириш натижалари бўйича етказиб берилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, шунингдек, мулкий тусдаги ижро ҳужжатлари бўйича тўланмаган қарз аниқланмаган тақдирдагина рухсат этилади. Бу ҳолларда битимни амалга ошираётган ёки хизматлар кўрсатаётган ташкилот МИБ маълумотлар базасидан тегишли кўчирмани чоп этади ҳамда уни тегишли битимларни амалга ошириш ва хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ материалларга бириктириб қўяди;

Жисмоний ва юридик шахсларда қарздорлик аниқланган тақдирда, битимни амалга ошираётган ёки хизматлар кўрсатаётган ташкилотлар қарздорга МИБ маълумотлар базасидан олинган тегишли кўчирма нусхасини тақдим этган ҳолда битимни амалга ошириш ва хизматлар кўрсатишни рад этади.

Даврий тўловларни тўлашни назарда тутадиган мулкий тусга эга ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликни текшириш фақат ушбу қарор 1-иловасининг 10-12-бандларида назарда тутилган хизматлар (Халқаро йўловчи ташиш хизматлари кўрсатиш учун авиачипталар ва темир йўл чипталари сотиш, чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикерини расмийлаштириш) кўрсатилаётганда жисмоний шахсга нисбатан суд ёки давлат ижрочиси томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқишга вақтинчалик чеклов ўрнатилганлиги мавжудлиги юзасидан амалга оширилади.

Белгилаб қўйилсинки, етказиб берилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорликни текшириш жисмоний шахсларга — кўчмас мулк объектлари мулкдорларига ва қарздор — кўчмас мулк мулкдорининг турар жой манзили бўйича доимий прописка қилинган шахсларга нисбатан амалга оширилади.

Мажбурий ижро бюроси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда қуйидагиларни амалга ошириш имконини берадиган махсус дастурий модул ишлаб чиқилишини ва унинг фаолиятини таъминлайди:

  • МИБнинг маълумотлар базаси орқали етказиб берилган электр энергияси, табиий газ, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун, шу жумладан, жисмоний шахс доимий прописка қилинган жой бўйича, шунингдек, мулкий тусдаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликни текшириш;
  • қарздорликни текшириш натижаси бўйича текшириш ўтказилган сана ва вақтни кўрсатган ҳамда махсус QR-кодни қўйган ҳолда текшириш натижалари тўғрисидаги кўчирмани чоп этиш;
  • Бюронинг маълумотлар базасига тегишли қарздорлик тўланганлиги тўғрисидаги ахборотни тезкор равишда киритиш.

Йирик битимларни амалга оширувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар МИБ билан биргаликда 2 ҳафта муддатда қарздорликни текширишда дастлабки ва чиқиш маълумотларига доир ягона технологик ва ташкилий талабларни, МИБнинг маълумотлар базасига марказлаштирилган ҳолда уланишни ҳамда ахборот хавфсизлигининг бошқа талабларини назарда тутувчи ўзаро электрон ҳамкорликнинг тегишли регламентларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига жисмоний ва юридик шахсларга ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхатда назарда тутилмаган кредитлар беришда ҳамда бошқа молия-кредит хизматлари кўрсатишда мижознинг тўлов қобилиятини ва бажарилмай қолган молиявий мажбурияти мавжудлигини текшириш мақсадида МИБ маълумотлар базаси орқали қарздорлик текширувини банк амалиётига жорий қилиш тавсия этилади.

МИБга жисмоний шахсларнинг етказиб берилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, ижро ҳужжатлари бўйича қарзларни тўлашнинг қўшимча шакллари, фуқароларни қарздорлик мавжудлиги ва уни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, жумладан, SMS хабарлар ва USSD сўровлардан фойдаланган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисида хабардор қилиш шаклларини жорий этиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси мобиль алоқа тармоғи операторлари МИБнинг сўровига биноан абонентларга етказиб берилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари бўйича қарздорлик, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик муддати ва уларни тўлаш тартиби тўғрисидаги SMS-хабарларнинг бепул тарқатилишини таъминлайди.