Жорий йилнинг 22-23 май кунлари Тошкентда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги туристик кўчма кўргазмаси бўлиб ўтди.

Қирғизистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда қўшни давлатда фаолият юритаётган сайёҳлик компаниялари, Курортлар ассоциацияси, Тиббиёт туризми ассоциацияси, пансионат ва курортларнинг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дўстлик ва қардошлик алоқалари янада мустаҳкамланиб бормоқда. Бу жараён икки қўшни давлат ўртасида туризмни ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2016 йилда 116 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқаролари мамлакатимизга туристик мақсадларда келган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда 2 бараварга кўпайди. Жорий йилда эса мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар оқими янада ортиши кутилмоқда.

Қирғизистоннинг дунёга машҳур Иссиқкўли ва унга туташ пурвиқор тоғлар ҳудудида туризм яхши ривожланган. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли соҳада янгича ёндашувлар кузатилмоқда.

– Сайёҳлар учун халқимизнинг қадим анъаналари, маданиятини намойиш этишга ҳаракат қилаяпмиз, – дейди “Ўйма тош” этно-мажмуаси менежери Жулия Абдуқодирова. – Меҳмонларимиз ўтовларда ҳордиқ чиқариб, миллий таомлардан баҳраманд бўлади, ажойиб тоғ манзаралари, шаршаралар, отда сайр ҳам уларда катта қизиқиш уйғотиши табиий.

Тадбирда мамлакатимизнинг туристик компаниялари, турли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди. Уларда Қирғизистон курортлари, дам олиш зоналари, тиббиёт туризми каби кўргазмали намойишлар катта қизиқиш уйғотди. Кўргазма доирасида икки томонлама туризмни ривожлантириш мақсадида бир қатор келишувларга эришилди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА