«Ёш инновациячи» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида академик лицей ва коллеж ўқувчиларининг 300 дан зиёд янги инновацион ғоя ва ишланмалари намойиш этилди.

– Муҳими шундаки, санъат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган энг яхши 18 инновацион ғоя келажакда катта лойиҳаларга замин бўлиши билан бирга, ғояни ихтиро қилган ўқувчига бир йил давомида стипендиат бўлиш имкониятини беради, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси масъул ходими Тоир Салимов.

Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 44 янги ғоя ва инновацион лойиҳалар ичидан учтаси ғолибликка муносиб кўрилди. Нукус компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Николай Чекмарёв, Нукус туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилфуза Караматдинова, Нукус ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Азиза Сабирбаева танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА