Мамлакатимизга ташриф буюрган Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Ютта Эдтхофер бошчилигидаги делегация аъзолари 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашди.

Ишчи гуруҳ таркибида Европа Иттифоқига аъзо 28 давлатдан вакиллар келган. Улар Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари билан икки томонлама ва минтақалараро муносабатларнинг барча жиҳатларини ўрганади.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқ билан мулоқотнинг самарали ва ноёб тизими хусусида фикр юритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тузилиши, қўмита ва фракциялар, хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолияти ҳамда “Mening fikrim” жамоавий электрон мурожаатлар портали ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик келишуви доирасида парламент ҳамкорлиги қўмитаси ҳамда кичик қўмиталарни ўз ичига олган 6 та ҳамкорлик ташкилоти тузилган. Мамлакатимизда Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан жалб қилинган инвестициялар иштирокида 1000 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Европа Иттифоқи Комиссиясининг техникавий ёрдам кўмагида бизнес ва туризмни ривожлантириш, транспорт логистикаси, чегараларни бошқариш, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда 35 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Учрашув қизиқарли ва конструктив руҳда ўтди. Делегация аъзолари парламент қуйи палатаси фаолияти билан танишди. Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг ишончли базасини яратиб берувчи парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва доимий мулоқот олиб бориш юзасидан фикр алмашилди.

– Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда, – дейди Андреа Доменикони (Италия). – Мулоқотимиз давомида бу борадаги ҳамкорликни янги келишувлар билан бойитиш юзасидан музокаралар олиб бордик. Биз Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Шу куни делегация аъзолари «Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У. Муҳаммадиев билан музокара ўтказди.

Тадбирда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун шароит яратишдек эзгу мақсадлар мужассам экани таъкидланди.

Учрашувда ишчи гуруҳ аъзолари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури, Омбудсман институти негизида миллий превентив механизмни ташкил этиш жараёни, Омбудсманнинг аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти, БМТ Тараққиёт дастури, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар билан ҳамкорлиги билан яқиндан танишди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.

 

Гўзал Сатторова, Байрам Айтмуродов, ЎзА