Шавкат Мирзиёев: "Ҳарбийларимиз ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан кучли бўлишлари керак"

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифининг иккинчи куни Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда бўлди. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ва янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилган ишлар билан танишди. Ҳарбийлар билан мулоқот қилди.
07.jpg

Мазкур ҳарбий қисмда бир қатор таркибий-ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди – озиқ-овқат таъминоти бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинди, ўқув бинолари, ётоқхоналар, спорт зали ва майдонлари замонавий таъмирланди. Бу ҳарбий хизматчиларнинг бутун куч-ғайратини ўз профессионал малакасини, жанговар шайлигини оширишга қаратиш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий хизматчиларнинг спорт машғулотларида қатнашиш жараёни, китоб ўқиши билан қизиқди.

02.jpg
Ҳарбийларимиз жисмонан бақувват, маънан юксак, билимли, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардаларимизга муносиб бўлиши керак, деди Президентимиз. Бунинг учун улар жисмоний машғулотлар билан бирга ҳар куни китоб ўқиши, чет тилларини ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур.
03.jpg

Ҳарбий қисм хизматчиларининг маънавиятини юксалтириш учун дам олиш кунлари бу ерда олимлар ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказилади, спектакллар намойиш этилади.

Шавкат Мирзиёев аскарлар, зиёлилар билан суҳбатлашди.

05.jpg
Армиямизни моддий жиҳатдан таъминлаш борасида катта ишларни амалга оширяпмиз, замонавий техника ва аслаҳалар билан жиҳозлаяпмиз. Аммо шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигига етарлича эътибор берилмаяпти. Бунинг учун зиёлилар, маънавият ходимлари билан ҳамкорликни кучайтириш лозим, деди давлатимиз раҳбари.
04.jpg
Президентимиз мутасаддиларга Андижон вилояти мисолида ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини оширишга доир қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
06.jpg

Учрашувда ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди. Бунинг учун жойларда фаолият юритаётган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Ҳарбийларимиз фақат Ватанни ҳимоя қилиши керак, уларнинг фаровон яшаши, оиласи ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги учун барча шароитлар яратиб берилади, деди Президентимиз.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА