АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида таълим ва маданият соҳасида муҳим келишувлар имзоланди

UzbUsa2018
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида иккита келишувни имзолади. Бу ҳақда АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи Англашув меморандуми АҚШ университетлари ва Марказий Осиёдаги олий таълим муассасалари ўртасида бўлиб, унинг асосида Ўзбекистонда уч йиллик ҳамкорликни назарда тутувчи дастур бошланади.
Иккинчи Англашув меморандуми эса Ўзбекистон бўйлаб инглиз тили дастурларининг молиялаштирилишини кенгайтиришга қаратилган. У университет талабалари, журналистлар ва бошқа мутахассисларни ўқитиш, инглиз тили ўқитувчилари салоҳиятини ошириш ҳамда ўқитувчи ва талабалар учун онлайн таълим имкониятларини яратади.
Ушбу келишувлар таълим соҳасида АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги даври бошланаётганини белгилаб беради ҳамда халқларимиз ўртасидаги кенг ва чуқурлашиб бораётган ҳамкорликнинг рамзи ҳисобланади.

 

ЎзА