Ўзбек киноижодкорлари Ҳолливудга боради

Айни пайтда бир гуруҳ киноижодкорларнинг АҚШнинг Лос Анжелес шаҳри, Ҳолливуд кино шаҳарчасида жойлашган “Universal Studios” кинокомпанияси билан тажриба алмашиш юзасидан алоқа ўрнатилди.
Юртимизда кинемотографияга берилаётган эътибор, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид амалга оширилаётган ишлар хусусий киностудиялар фаолиятини янада ривожлантириш, киностудияларнинг давлат грантлари асосида суратга олинадиган кинолойиҳаларда иштирок этишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Ўзбеккино» миллий агентлигининг халқаро алоқаларни ривожлантириш хизматидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда бир гуруҳ киноижодкорларнинг АҚШнинг Лос Анжелес шаҳри, Ҳолливуд кино шаҳарчасида жойлашган “Universal Studios” кинокомпанияси билан тажриба алмашиш юзасидан алоқа ўрнатилди. Улар кинокомпаниянинг қисқа ўқув курсларида малака оширади. Ўқув курси давомида махсус ўқув фильмини суратга олиш ҳам режалаштирилган. Ушбу фильм хорижий сафардан қайтиб келингандан сўнг, монтаж жараёнидан ўтиб, кино санъатига қизиқаётган юртимиз ёш ижодкорларига намойиш этилади.
Бу саъй-ҳаракатлар жорий йил май–июнь ойида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Узоқ йиллар АҚШ ва Ўзбекистон киносаноатида бевосита ҳамкорлик бўлмаган бўлса-да, бу мамлакат кинемотографиясидаги ютуқлардан ижодкорларимиз кўп нарсани ўрганиб келган. Мазкур лойиҳа келгусидаги мустаҳкам алоқаларнинг дебочаси бўлиши шубҳасиз.
Бу ҳамкорлик киноижодкорларимиз салоҳиятини ошириш, билимини бойитиш, янги, замонавий ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни чуқур ўрганишида қўл келади.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА