Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасида 16 май куни оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди.

Унда Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий жорий йил 3-4 май кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Тероризм ва зўравон экстримизмга қарши кураш” мавзуидаги юқори даражадаги халқаро конференция якунлари ҳақида маълумот берди.

Мазкур конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ва 20 га яқин мамлакат ташқи ишлар вазирликларидан масъул вакиллар иштирок этган. Анжуманда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон нутқ сўзлаган.

Конференция терроризм, зўравонлик, диний экстремизм таҳдидларига қарши курашиш, бу йўналишда биргаликдаги келишилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш учун кенг имконият яратди.

Тожикистон Республикаси “2016-2020 йиллар учун Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш миллий стратегияси”да акс этган мақсадларни амалга татбиқ этишда халқаро шериклар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Тожикистон Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг ушбу тенденциясини қўллаб-қувватлаши ҳамда бу борада барча қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани билдирилган.

Брифингда конференция якунлари бўйича имзоланган Душанбе декларациясида кўзда тутилган масалалар юзасидан ҳам маълумот берилди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА