Атлантика кенгаши экспертлари: буюк тарихга эга Ўзбекистон ажойиб келажак яратишга муносиб

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан расмий ташриф билан АҚШда бўлиб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари қатор муҳим тадбирларда иштирок этмоқда. Куни кеча Вашингтонда Атлантика Кенгашининг навбатдаги форуми бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва қатор халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“O`zbekiston 24” телеканали мухбирлари Атлантика Кенгаши экспертларининг мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Жон Эдвард ХЁРБСТ, Атлантика Кенгашининг Евроосиё маркази директори:

– Ўзбекистоннинг янги қиёфасини икки муҳим хусусиятда кўрмоқдаман. Ички ва ташқи сиёсатда кечаётган ислоҳотлар шулар жумласидан. Расмий Тошкентнинг ташқи фаолияти ҳақида сўз борганда Марказий Осиёда олиб бораётган очиқ сиёсатини алоҳида қайд этиш зарур. Иккинчи жиҳат бу, албатта, иқтисодиётни чин маънода эркинлаштириш сари ташланаётган дадил қадамлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлашдаги жиҳатлардир.

Ариэль КОХЕН, Атлантика Кенгаши эксперти:

– Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатининг ўзига хослиги шундаки, у Ўзбекистон эшикларини XXI аср сари очмоқдир. Ўзига хос тарихга эга ушбу мамлакат ажойиб келажакка эга бўлишга ҳам муносиб. Бунда давлат раҳбари ташаббуси билан инвестиция, таълим ва бошқа қатор соҳаларда олиб борилаётган узоқ муддатли ислоҳотлар муҳим ўрин тутади. Америка томони бу каби ислоҳотларни сўзсиз қўллаб-қувватлайди ва юртингиз халқига тинчлик-омонлик истаб, иқтисодий юксалиш ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашишни тилаб қолади.

 

ЎзА