Ўзбекистон – Болгария алоқалари мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10-15 май кунлари “Буюк ипак, йўли ривожланишининг янги даври: Ўзбекистон” мавзусида давра суҳбати ўтказиш, шунингдек, “Болгария-Ўзбекистон”, “Ўзбекистон-Болгария” дўстлик жамиятлари ҳамда Россия ва МДҲ халқлари билан дўстлик федерацияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қўмита ходимлари, Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлари, Савдо Саноат палатаси вакилларидан иборат делегация Болгарияга бориб келди. 
Мамлакатимиз делегациясининг Болгарияга ташриф дастури тадбирларга бой бўлди. Болгария Ташқи ишлар вазирлиги, ва Болгария Республикаси Парламентида Марказий Европа давлат органлари идоралари билан, шунингдек, Болгариянинг “Россия ва МДҲ давлатлари халқлари билан дўстлик Федерацияси”да қатор учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди.
IMG_3281-.jpg
Болгария Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда ўзбек ва болгар халқлари ўртасидаги алоқалар қадим тарихга бориб тақалиши қайд этилди. Давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқаларнинг ўрнатилганига 26 йил тўлди. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон ва Болгария савдо-сотиқ, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан ва маданият соҳаларида ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Болгария Парламентида билан бўлиб ўтган учрашувда “Болгария – Ўзбекистон” парламент гурухининг дўстлик алоқалари раиси Адлен Шукри Шевкед хоним бугунги кунда икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ айирбошлаш имкониятларимизга жавоб бермаётгани, туристик соҳани эса, янги замонавий босқичга кўтариш лозимлиги ҳақида сўз юритди.
Учрашувларда “Болгарияда Ўзбекистон кунлари”ни ўтказиш таклифи берилди. Унинг негизида турли йўналишларда ҳамкорликнинг истиқболли стратегияси, жумладан, Қўмитанинг Евроиттифоқ билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш ва Ўзбекистонда Болгария консулхонасини очиш каби масалалар ҳал қилиниши мумкин.
Икки томонлама муҳокамалар натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Болгариянинг “Россия ва МДҲ давлатлари халқлари билан дўстлик Федерацияси” ҳамда «Ўзбекистон-Болгария» ва «Болгария-Ўзбекистон» дўстлик жамиятлари ўртасида маданият соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича меморандум имзоланди.
Ташриф доирасида Болгариянинг “Россия ва МДҲ давлатлари халқлари билан дўстлик Федерацияси”да Ўзбекистоннинг иқтисодиёти, сармоявий салоҳияти, туризм, тарихи ва маданиятини акс эттирган фотокўргазма ташкил этилди. Шунингдек, ўзбек миллий халқ амалий ва тасвирий санъати намуналаридан асарлар томошабинлар диққатига ҳавола этилди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА