Ўзбекистондаги ислоҳотларга АҚШ ҳайрат билан қарамоқда (+Видео мулоқот)

«Ҳар сафар Президент Шавкат Мирзиёев сўзлаганида, Ўзбекистондаги туб муаммоларни ўзи кўтариб чиққанида ва муҳокама қилганида Вашингтонда бу жуда юқори баҳоланади. Айниқса, унинг ҳукумат халққа хизмат қилиши керак, халқ ҳукуматга эмас, деган тамойили, қолаверса, Тараққиёт стратегияси, Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастури АҚШда юқори баҳоланди, десак хато бўлмайди», дейди Навбаҳор Имомова «Америка овози» телерадиоси мухбири.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб сайт таҳририяти бугундан бошлаб “Давр характеридаги мавзу” видеомулоқотини йўлга қўйди. Мазкур мулоқотда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида долзарб бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз боради, мавзу доирасида атрофлича таҳлил ва шарҳлар берилади.
. Айни дамда мулоқотимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига бўлган расмий ташрифига бағишланади.
Мазкур мавзу доирасида эса яқинда АҚШ оммавий ахборот воситалари тарихида илк бор Ўзбекистондан аккредитациядан ўтган журналист, “Америка овози” телерадиоси мухбири Навбаҳор Имомова билан суҳбатлашамиз.
— Америка ҳукумати Марказий Осиёга ҳар доим катта қизиқиш билан қараб келган. Шу маънода Ўзбекистондаги сўнгги йилларда рўй берган ўзгаришларни ҳам диққат билан кузатиб келаётгани аниқ. Бу ўзгаришлар америкаликлар “сиёсий онги”да қандай акс садо бермоқда. Умуман Ўзбекистондаги ислоҳотларга сиёсатдонлар, Марказий Осиё билан қизиқувчи томонлар қандай муносабат билдирмоқда? 
— Салом Аслиддин. Жуда қизиқ “сиёсий онг” ҳақида сўраяпсиз. Вашингтон назарида умуман олганда, ҳозир Ўзбекистонда уйғониш даври. Бу АҚШ сиёсий доиралари учун минтақа билан боғлиқ жуда муҳим янгилик. Чунки узоқ давр мобайнида Марказий Осиёнинг бешта республикаси яккаҳокимлик чуқур илдиз отган жамиятлар сифатида қараб келинган. Қирғизистонда юз берган инқилоблар ғарб аҳлига, ғарб ҳукуматига қандайдир умидлар берган. Лекин бу инқилоблар ҳам Қирғизистондаги кўплаб муаммоларга ечим топа олмади. Қирғизистонда демократик тизим ривожлана бошлади, бироқ коррупция ўша-ўша. Қолаверса, кўплаб иллатлар енгилгани йўқ бу жамиятда. Шу боис ҳам Ўзбекистондаги ўзгаришлар, бир ярим йил ичида эришилган ютуқлар АҚШ сиёсий доиралари учун жуда ҳам аҳамиятга молик ўзгаришлардир.
Албатта, Вашингтонда сиз “эҳтиёткор оптимизм”, деган сўзни кўп эшитасиз Ўзбекистонга нисбатан. Чунки, улар ҳам қандайдир бир хавотир билан кузатишади жараёнларни, чунки орқага қайтиш бўлиши мумкин. Балки олдинга бир қадам, орқага икки қадам деган бир хавотирларни эшитишади. Лекин ҳар сафар Президент Шавкат Мирзиёев сўзлаганида, Ўзбекистондаги туб муаммоларни ўзи кўтариб чиққанида ва муҳокама қилганида Вашингтонда бу жуда юқори баҳоланади. Айниқса, унинг ҳукумат халққа хизмат қилиши керак, халқ ҳукуматга эмас, деган тамойили, қолаверса, Тараққиёт стратегияси, Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастури АҚШда юқори баҳоланади, десак хато бўлмайди.
Ўзбекистоннинг ичидан туриб хабарлар тарқатаётган халқаро ахборот воситалари жудаям кам. Шу боисдан ҳам расмийлар томонидан “Америка овози” журналисти аккредитация қилингани кенг олқишланмоқда. Чунки, “Америка овози”нинг Ўзбекистондан туриб ахборотлар бериш имкониятига эга бўлгани оламшумул янгилик, бу ўзига хос прогресс. Ўзбекистон очилиб бораётганидан далолат. Бу очилиш давом этади, мана шу очилиш кўлами кенгаяди, деган умид бугун янаям кенгаймоқда.
— Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий ислоҳотларнинг амалий натижалари, айниқса, сўнгги вақтларда янада аёнлашди. Буни мажбурий меҳнатга нисбатан муносабатнинг кескин ўзгаришида ёки бўлмаса суд жараёнларининг шаффофлигида, оммавий ахборот воситаларига нисбатан қарашларнинг ўзгарганида ҳам кўриш мумкин… 
— Мана ҳозир сиз санаб ўтган масалалар, хусусан, мажбурий меҳнат, қолаверса, яна қўшган бўлардим, сиёсий маҳбуслар масаласи Ўзбекистонда сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги бу Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон алоқаларида ҳамиша нозик масала бўлган. Фуқаролар айнан шунга келганда келишишга қийналган. Масалан хавфсизлик масаласида. Афғонистон билан боғлиқ масалаларда ўртада ҳамиша ҳамжиҳатлик бўлган, лекин алоқаларни чекланишига сабаб ҳам айнан ана шу Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат муаммоси, Ўзбекистон қамоқхонасидаги диний-сиёсий маҳбуслар, сўз эркинлиги йўқлиги бўлган…
Аммо кўриб турибмизки, ўтган бир ярим йил ичида вазият ўзгара бошлаганидан Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнат муаммосини тан олиб, унга қарши конкрет кураш бошлагани ва бу борада ютуқларга эришилгани, Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларги бўлган муносабатнинг ўзгаргани, ўтган ҳафтадан бошлаб бу мамлакатда бирор бир журналист панжара ортида эмаслиги, яъни йўқлиги, албатта, Америка назарида катта ютуқ, катта прогресс ва бундай муносабат олқишланмоқда. Президент айнан мана шу ўзгаришлар соясида, нурида десак бўлади.
 
— Мамлакатдаги ана шундай ўзгаришларга, олиб борилаётган сиёсатга нисбатан Америка матбуоти, умуман кенг жамоатчилиги қандай резананс берди?
— Резананс ҳақида гапирадиган бўлсак, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир қадами таҳлил қилинади бу ерда. Ҳамма томондан десак хато бўлади, лекин Марказий Осиёдаги жараёнларни кузатиб борадиган, айниқса, Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиб борадиган экспертлар уларни баҳолаб келишади. Ва тор доирадаги тадбирларда, кенг доирадаги форумларда бу ҳақида кўп гап кетади. Мана охирги ойлар ичида, биз буни “Америка овози”да яқиндан ёритиб бораяпмиз.
Ўзбекистон ҳақида қаерда тадбир бўлмасин, ислоҳотлар таҳлил қилинади. Яқинда Марказий Осиё ва Кавказ институти Фред Стар бошчилигидаги таҳлил марказида Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг ўз ечимини ва самара берганини ва ўзгарганини билдирди. Мамлакатнинг иқтисодий тизими муҳокама қилинди. Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди экспертлари у ерда чиқиб гапиришди. Жараёнларни ижобий баҳолашди ва олдиндаги синовларни, қийинчиликларни қайд этиб ўтишди.
Ўзбекистон иқтисодиётини кўтариш осон бўлмайди. Ўзбекистонда молия тизими олдинга силжиши қийин бўлади ва бу ерда киши бошига даромадни, ялпи ички даромадни ошириш қийин бўлади. Ўзбекистонда иқтисодиётни хилма-хиллаштириш керак. Янги иқтисодий секторларни яратиш керак, қалаверса, пахта билан боғлиқ муаммоларни ечиш керак. Бунинг учун нафақат сиёсий ирода, балки кучли қувватлов ҳам керак, деган гаплар янгради. Шунингдек, сиёсий тизимни ислоҳ қилиш бу ҳам катта масала, ноҳукумат секторини, хусусан, фуқаролик жамияти билан боғлиқ масалаларни, оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш, буларнинг ҳаммаси катта-кичик тарбирларда кенг муҳокама қилинади. Америкада Марказий Осиё билан қизиқадиган доиралар ичида.
“Америкада Ўзбекистонга унчалик қизиқиш катта эмас, бу давлатни яхши билишмайди”, деган гаплар қулоққа чалинади. Тўғри оддий одамлар билмаслиги, кўчаларда кимдандир сўрасангиз балки “Ўзбекистон” деган давлат ҳақида умуман эшитмаган бўлиши мумкин. Лекин Вашингтондек пойтахтда ва бу ердаги “ақл марказлари”да, Ўзбекистонни биладиганлар жудаям кўп. Америка ҳукуматининг ичида ҳам экспертлар, дипломатлар анчагина. Бюрократлар, маъмурлар билан гаплашадиган бўлсангиз ҳам, Марказий Осиё ва Ўзбекистон билан шуғулланаётган мутасаддилар орасидаям Ўзбекистон билан узоқ тажрибага эга инсонларни учратасиз. Шу боис ҳам Қўшма Штатлар балки Ўзбекистонни тушунмасдан қарор қабул қилаяпти, АҚШда Ўзбекистонга нисбатан, Марказий Осиёга нисбатан стратегия йўқ, деган гаплар кўп жиҳатдан асоссиз ва хатодир. Чунки, Американинг бутун Марказий Осиёга балки Ўзбекистонга сиёсати кимгадир ёқмаса, бу дегани Вашингтонда ҳеч қандай стратегия йўқ, дегани эмас.
Албатта, бу ерда ҳукуматлар бир-бири билан ҳамиша келишиб ишлашга мажбур. Чунки кўп нарса муштарак манфаатларга асосланади. Хўш, томонлар мақсадга етишиш учун қандай қадам ташлаши керак, улар қанчалик ҳамоҳанг. Қадамлар бир-бири билан ҳамоҳанг бўлмаса, албатта, ҳамкорлик ҳам яхши бўлмайди. Ҳозир Америка билан Ўзбекистон учун синов ҳам шу бўлади. Демак, мақсадларни аниқлаб олиш ва бирга олдинга қадам ташлаш. Бу албатта, боя айтганимдек, икки томон учун ҳам бирдек синов.
— Мана ҳозир Ўзбекистон делегацияси Вашингтонга борган. Уларга нисбатан жамоатчиликнинг, расмийларнинг муносабати қандай? Ўртадаги муносабатларда илиқлашув сезиладими? 
— Алоқаларнинг илиқлашгани сезилаяпти, чунки, Ўзбекистон ҳақида бирор-бир жойда бирор гап айтиладиган бўлса ёки бирор-бир тадбир, мунозара дейсизми, оммавий ахборот воситаларида мақола ёки хабарларми, аксарият ҳолларда охирги бир ярим йил ичидаги ижобий гапларни эшитасиз. Лекин мана шу ижобий гаплар соясида яна хавотирлар ҳам бор. Ушбу ўзгаришлар нақадар реал, бу ўзгаришлар нақадар кучли асосга эга, бунинг орқасида ким турибди, фақат Президентнинг ўзими ёки тизимда кучли ирода мавжудми… каби саволлар бу ерда кўп берилади. Ва Америка сиёсат аҳли, сиёсий илмий доиралари Ўзбекистон ҳақида кўпроқ билишни хоҳлайди. Бунинг биргина йўли Ўзбекистонда чет эл журналистларининг кўпайиши, уларнинг кириб чиқиши осонлашиши, уларнинг Ўзбекистондан туриб чет элга бемалол материал узатиши жуда муҳим рол ўйнайди. Шу боис ҳам бизнинг орамиздаги ҳамкорлик, журналистлар ўртасидаги ҳамкорлик ва асталик билан бўлсада Ўзбекистоннинг халқаро ахборот воситаларига очилиши бу ердагиларнинг назарида ниҳоятда муҳим.

 

ЎзА мухбири Аслиддин Суюнов суҳбатлашди.