Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

“Ўзбекистон ва Хитой: “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси делегацияси «Тараққиёт стратегияси» марказида бўлди.

Марказ ижрочи директори А.Бурҳонов мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, тараққиётимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари белгиланган.

Мазкур вазифаларни амалга оширишда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда «Тараққиёт стратегияси» маркази фаолияти, унинг иш юритиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шанхай ижтимоий фанлар академияси партия қўмитаси котиби Юй Синхуэ янгича ва замонавий руҳда ташкил этилган марказ фаолиятини юқори баҳолади. Шанхай ижтимоий фанлар академияси ва марказ ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, хусусан, кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишда ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Шанхай ижтимоий фанлар академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА