Дунёга машҳур ОАВ журналистлари Қорақалпоғистонга келмоқда

АҚШнинг дунёга машҳур нашри — «The New York Times» газетасининг Москва шаҳридаги бюроси ҳамда Буюк Британиянинг «BBC One» телеканали ижодий ходимлари Қорақалпоғистонга ташриф буюриши кутилмоқда.

«The New York Times» ижодий гуруҳи ташрифидан асосий мақсад “Саҳродаги Лувр” деб аталган И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи ва Қозоғистон миллий географик жамияти билан бирга Жанубий Орол аҳолисининг турмуши ҳақида материаллар тайёрлашдир.

Саёҳат давомида газета вакиллари И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи директори Гулбаҳор Изентаева билан суҳбатлашиши режалаштирилган. Мўйноқ туманига бориб, Орол денгизининг бугунги аҳволини кўришади, ҳудуддаги ўзгаришлар билан танишишади.

Бундан ташқари шу ойнинг охирларида Буюк Британиянинг «Hello-Halo» продюсерлик компаниясининг ижодий жамоаси ҳам Қорақалпоғистонда меҳмонда бўлиши кутилмоқда.

Буюк Британиянинг дунёга таниқли «BBC One» телеканали учун ҳужжатли фильмларни олиб, эфирга узатадиган ушбу компания Орол денгизи билан боғлиқ «The Truth About» фильмини олишни мақсад қилган.

Ҳужжатли фильмда И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Миздақхан мажмуасидаги Гяуир қалъа меъморий эсдалиги, Мўйноқ туманидаги кекса балиқчилар билан интервью, Кемалар қабристони, Орол денгизининг бугунги аҳволи, денгизнинг қуриган тубида ўстирилаётган саксовул ўрмонлари, шунингдек, Мўйноқдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг бугунги ривожланиш ҳолати кўрсатилиши режалаштирилган.

Оламда машҳур оммавий ахборот воситаларининг Қорақалпоғистон ва Орол денгизи ҳақида тайёрлаган туркум материаллари ҳудуднинг туристик салоҳиятини дунёга намойиш этади.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА