Шу йилнинг 11-12 май кунлари Орол денгизига медиатур ташкил этилади. Шу мақсадда бир гуруҳ ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари вакиллари Қорақалпоғистон Республикасига етиб келди.

Мазкур медиатур “UzWaterAware” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Европа Иттифоқининг марказий Осиёдаги экологик маркази томонидан ташкил қилинмоқда.

Медиатурдан кўзланган мақсад Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудидаги Судочье кўли, Устюрт платоси, Урга қишлоғи, Устюрт чинклари, Оролнинг қуриган тагидаги пайдо бўлган тўқайзорликлар, Учсой балиқчилар қишлоғи, Кемалар музейи, Амударё соҳиллари, шунингдек, Шеге кўли каби қатор жойларга саёҳат этишдан иборат.

123_4450.jpg

Орол денгизига саёҳатда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА), «Жаҳон» ахборот агентлиги, бир нечта интернет-нашрлари ҳамда экология соҳасига ихтисослашган газета-журналлар журналистлари, шунингдек, «Дунё бўйлаб» телеканали ижодкорлари, блогерлар ва фотографлар иштирок этмоқда.

Медиатур тафсилотлари ҳақида сайтимиз орқали батафсил маълумот бериб борамиз.

 

Насиба Зиёдуллаева, Есимқан Қанаатов, Мақсад Хабибуллаев (сурат), ЎзА