10 май куни Назарбаев университети ва Қозоғистон миллий географик жамияти – Qazaq Geography экспедиция гуруҳи Орол денгизига бағишланган илмий-маърифий экспедициясини бошлади. Шимолий ва Жанубий Орол соҳилларини ўрганишга бағишланган “Орол 2018” экспедицияси 10-29 май кунлари оралиғида бўлиб ўтади. Гидробиолог олимлар ва картографлар экспедицияси таркибида машҳур журналистлар, фотосуратчилар ҳам бор. Бу ҳақида massaget.kz хабар бермоқда.

Жорий йилги экспедиция ўрганиш жойларига Жанубий Орол (Оролнинг Ўзбекистон томони) ҳам киритилган. Илмий экспертизанинг натижалари бўйича планктон гуруҳларнинг биологик хилма-хиллиги, сувнинг шўрланиши, фосфор даражаси бўйича маълумот йиғилади. Бу эса Шимолий ва Жанубий Орол соҳилларидаги экологик ҳолатни олдиндан башорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, экспедицияда Орол соҳиллари бўйича туристик йўналишлар харитасини ишлаб чиқиш, фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун маълумот йиғилади.
– Бу Qazaq Geography экспедиция гуруҳининг Орол денгизига ташкиллаштираётган учинчи илмий-маърифий ташрифи. Жорий йил ҳам ташрифимиз Назарбоев университети олимлари билан бирга ташкил этилди. Ўрганиш жойларига Жанубий Орол ҳам кирди, – дейди Qazaq Geography жамияти бошқарма бошлиғи Қанат Байғарин.
Ташрифдаги 19 кун давомида экспедиция таркибидаги 20 киши 5 автомобильда Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги 7 минг километрлик масофани босиб ўтади.
– Ташриф “Остона – Балқаш – Шув – Тараз – Чимкент –Тошкент – Самарқанд-Бухоро – Урганч – Нукус – Мўйноқ – Орол денгизи – Бейнеў – Бозой – Орол денгизи-Орол – Қизилўрда – Жезқозган – Қарағанди – Остона” йўналиши бўйича ўтказилади, – дейди экспедиция раҳбари Нуржан Алғашов.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА