Тошкентда ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати старт олди

Бугун пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасидаспорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати старт олди. Мазкур мусобақа қитъа чемпиони ва совриндорларини аниқлаш билан бир вақтнинг ўзида шу йилнинг октябрь ойида Буэнос-Айрес шаҳрида ўтказиладиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига ҳам йўлланмалар тақдим этади.

Мусобақада Осиёнинг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Мўғулистон, Покистон, Сингапур, Сурия, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Тайвань, Яман ҳамда Ўзбекистон каби 21 та давлатдан 400 нафарга яқин спортчи ва мураббийлар иштирок этмоқдалар.

Спорт курашлари – эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўсмирлар Олимпия ўйинлари дастурига киритилган бешта вазн тоифасида бош совринни қўлга киритган спортчилар лицензия соҳибига айланадилар. Шу тариқа қитъа чемпионатида ўсмирлар Олимпия ўйинларига жами 15 та лицензия ўз эгаларига топширилади.

6.JPG

8.JPG
11.JPG

Мазкур мусобақа яна шуниси билан аввалгилардан фарқ қиладики, ғолибликни қўлга киритган спортчилар олтин медаллардан ташқари, Осиё чемпионатлари тарихида илк маротаба ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус чемпионлик камарига ҳам эга бўладилар.

Айни пайтга қадар ҳамюртларимиздан Л.Ўзбеков (-51кг) қозоғистонлик рақибини мағлубиятга учратиб, кейинги даврага йўл олди. К.Юнусхонов (-45кг) ва Муҳаммадали Сайдуллаев -(110кг)лар эса афсуски илк босқичдаёқ имкониятни бой бериб қўйишди.

 

Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА