Туркия республикасининг телевидение ва радио олий ташкилоти (RTUK) бошчилигида бир гуруҳ медиа вакиллари, коммуникация йўналиши бўйича Туркияда таҳсил олувчи 35 нафар хорижлик талабалар Тошкент-Бухоро-Самарқанд йўналишида «10-Келажакка элтувчи ришта» номли амалий саёҳат (воркшоп) учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. 
Ушбу тадбирнинг Ўзбекистонда (бунгача, ушбу тадбир Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Руминия, Туркиянинг Чаноққалъа, Конья шаҳарларида бўлиб ўтган) ўтказилишидан кўзланган мақсад, Туркияга бакалаврлик, магистратура ва докторлик илмий даражаларини олиш учун чет эллардан келиб ўқиётган талабаларга Ўзбекистоннинг бой маданий меросини таништириш, тарихан узвий боғлиқликлари бўлган муносабатларни билдириш ва янгилашдан иборатир.
Ушбу талабалар Туркияга Ҳиндистон, Бангладеш, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Молдова, Босния ва Герцеговина, Сербия, Болгария, Греция каби 14 та давлатдан бориб ўқишади. Улар Ўзбекистоннинг тарихий ривожланиш босқичлари, обидалари, дунёга донг таратган буюк алломалари, диний уламолари, ҳозирги тараққиёт кўрсаткичлари, саноати каби мавзуларда ўзларининг кичик тадқиқотларини тақдимот кўринишида акс эттиради. Талабаларнинг маърузалари тўплам ҳолида чиқарилиши режалаштирилган.
Делагация 7-10 май кунлари Бухоро, Самарқанд шаҳарларини саёҳат қилади, 11-12 майда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети марказий биносида тадбирнинг очилиш маросими ўтказилади. Унда талабалар ўзлари тайёрлаб келган маърузалари билан қатнашадилар.
Мазкур тадбирдан кутиладиган энг катта натижа Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги муносабатларни қўллаб-қувватлаш, медиа соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида турк тили, халқаро журналистика мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган талабалар учун тажриба алмашишдир.
Воркшопнинг давлатимиз туристик салоҳиятини дунёга ёйишдаги аҳамияти шундаки, ушбу тадбир аввало Туркия-Ўзбекистон ўртасида медиа соҳасида амалга оширилган илк қадамлардан бири бўлди. Бундан ташқари, хориждан келган меҳмон талабалар ўз мамлакатларидаги ОАВда Ўзбекистон ҳақидаги материалларни чоп этади.
Дилноза Умарова,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика
факулътети ўқитувчиси