Сайёрамиз бўйлаб Иккинчи жаҳон уруши қурбонларининг хотираси ёдга олинмоқда

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. 
1999 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти уруш фахрийлари, иштирокчилари ва урушда қурбон бўлганларнинг оилаларидан тушаётган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдираётган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида “9 май – Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида фармон қабул қилди.
Фармонда “Хотира ва Қадрлаш кунининг умумхалқ байрами сифатида, кенг нишонланишини таъминлаш барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг, идора ва корхоналарнинг, биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг ор-номус, виждон иши ва анъанавий бурчи деб белгиланиши, фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, бор куч-қувватини аямаган бирор бир фахрий, бирор бир киши унутилмаслиги кераклиги, уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши шарт”лиги белгилаб қўйилди. Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабардир. Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай инсонпарвар тамойиллар ўз ифодасини топган.
Шуниси эътиборлики, Ўзбекистонда қабул қилинган тарихий фармондан беш йил ўтиб, 2004 йил 24 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясия қабул қилиб, унда Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун 8 ва 9 май кунларини Хотира ва Яраш куни сифатида эълон қилиш белгиланди.
БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йилнинг 24 ноябрида 8 ёки 9 майни Хотира ва Ярашув куни сифатида нишонлаш борасида № A/RES/59/26 резолюцияда БМТга азо мамлакатларнинг бу кунлардан бирини ўз ҳоҳишларига кўра номлашлари мумкинлиги ҳам таъкидланган. Бош Ассамблея сана қандай номланишидан қатьий назар 8 май ёки 9 майдан бирида иккинчи жаҳон уруши қурбонларининг хотираси ёдга олиниши керак деган хулосага келди. Байрамдан кўзланган асосий мақсад ёш авлод қалбида ғалабага улкан ҳисса қўшган, инсониятни қуллик исканжасидан қутқарган ота-боболаридан фахрланиш туйғусини уйғотиш, ғалаба йўлида қурбон бўлганларнинг хотирасини ёдга олишдан иборат.
Йилдан йилга машъум уруш иштирокчиларининг сафи сийраклашиб бормоқда. Бош Ассамблея мазкур тарихий санада келажак авлод уруш хавфидан халос бўлиши, БМТга аъзо мамлакатлар эса янги таҳдид ва чақириқларга қарши туриши лозимлиги, барча баҳсли масалалар БМТ Низоми ва халқаро ҳужжатлар орқали бартараф этилиши учун имконият яратилгани борасида маълум қилди.
2010 йилнинг 2 март куни қабул қилинган резолюцияда эса БМТга аъзо барча мамлакатларга мурожаат қилинар экан, БМТ тизимидаги ташкилотлар, нохукумат ташкилотлари ва хусусий шахслар Иккинчи жахон уруши қурбонларини ёдга олиш мақсадида тадбирлар ўтказиши тавсия қилинади. Айнан ўша йилнинг 6 май куни Иккинчи жахон урушида қозонилган ғалабанинг 65 йиллиги муносабати билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус тантанали мажлиси бўлиб ўтди. 2015 йилнинг 26 февралида эса БМТ Бош Ассамблеяси “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги” деб номланган 69/267 рақамли резолюция қабул қилди. Унда мазкур тарихий ҳодиса БМТ учун урушларни бартараф этиш учун имконият яратиб бергани таъкидланади. Ҳужжатда бош Ассамблея раисига мурожаат қилиниб, май ойининг иккинчи ҳафтасида дунёда бўлиб ўтган барча урушларнинг қурбонлари хотираси учун махсус анжуман ўтказилиши тавсия қилинади. Бу анжуман БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргохида 5 май куни ўтказилди.
БМТ тавсиясига кўра Европада 8 май куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба нишонланади. “Кўҳна қитьа”да 8 май “Хотира ва Ярашув куни” сифатида байрам қилинади. Тадбирлар Франции, Буюк Британия, Нидерландия, Шарқий ва Ғарбий Европанинг бошқа мамлакатларида бўлиб ўтади. Европа мамлакатлари орасида 8 май фақат Францияда Шарль Де Голль давридан бери дам олиш куни деб белгиланган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Франция 300 минг кишидан айрилди.
Буюк Британияда асосий тадбирлар Лондоннинг Уайтхолл кўчасида бунёд этилган ёдгорлик олдида бўлиб ўтади. Аньанага биноан тадбирда мамлакат сиёсатчилари, қиролича оиласининг аъзолари иштирок этади.
АҚШда 8 май нишонланадиган байрам “Европада ғалаба куни” деб номланади. Байрам тадбирлари Виржиниядаги ҳарбий аэродромда бошланиб пойтахт Вашингтонда давом этади. Польшада эса асосий тадбирлар Гданьск шаҳрида ўтказилади.
Бутун дунё халқларининг эзгу орзуси, ҳоҳиш-иродаси битта. У ҳам бўлса, уруш ҳеч қачон, ҳеч қандай шаклда қайтарилмасин, деган талабдир. Бундай истак, бундай мақсад жаҳондаги барча халқларнинг манфаатларига тўғри келади. Чунки, ҳеч қайси халқ урушни хоҳламайди. Бизнинг халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Фақат тинчлик ва осойишталик бўлган, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм сураётган давлатда, жамиятда фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш мумкин, энг эзгу орзу-мақсадларга етишиш мумкин. Бугун биз қурбонлар хотираси олдида таъзим қиламиз.
Шарофидин Тўлаганов