Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент йўналишида илк узлуксиз парвозИслом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти 28 июль куни яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлди. 27 июль куни пойтахт ҳаво бандаргоҳидан ҳавога кўтарилган Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент йўналишидаги «Вoeing-787 Dreamliner» самолёти илк узлуксиз парвозни муваффақиятли амалга ошириб, Тошкентга қайтиб келди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолётлари паркининг «Boeing-787 Dreamliner» лайнерлари билан тўлдирилиши уни ноёб авиапаркка айлантирди. Дунё авиаташувлар бозоридаги талаб ва вазиятдан келиб чиқиб, миллий авиакомпания ҳаво флоти узоқ ва яқин йўналишларда бирдек самарали фаолият юритмоқда.

«Орзу лайнери»нинг тижорий эксплуатацияси 2016 йил сентябрь ойидан бошланди. Илк халқаро парвозини Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри билан бошлаган лайнерда бугунги кунда Дубай, Деҳли, Амритсар, Истанбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур, Сингапур, шунингдек, Рига орқали Нью-Йоркка авиақатновлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа даврда учувчиларимиз томонидан замонавий ҳаво кемасини бошқариш борасида тўпланган тажриба халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. «Вoeing» корпорацияси томонидан учувчиларимизнинг касб маҳорати ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси лайнерларининг ишончлилик даражаси юқори баҳоланиб, махсус сертификат билан таъминлангани фикримизнинг исботидир.

15 (1).JPG

Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри парвозларнинг йўлга қўйилиши миллий авиакомпания тараққиётида янги давр бошланганидан далолат беради. Мазкур йўналишда «орзу лайнер»ларининг эксплуатация қилиниши Нью-Йоркка амалдагидан бир соат олдин етиб бориш имконини беради. «Dreamliner»да Нью-Йорк шаҳрига бажариладиган узлуксиз парвоз салкам 12 соатни, Тошкентга қайтиш эса 11 соатни ташкил этади.

Ушбу муҳим воқеага миллий авиакомпанияда пухта тайёргарлик кўрилди. «Вoeing-787» отряди учувчилари тренажёр тайёргарликни Лондон ва Шанхайда, ер усти машғулотларини Тошкентдаги Ўқув-машқ марказида ўтади. Авиакомпания мутахассислари томонидан АҚШ ҳудудига кириш-чиқиш талаблари ўрганилди.

Нью-Йоркка тўғридан-тўғри қатновни миллий авиакомпания экипажи – Учувчилар мажмуаси директори ўринбосари Сергей Ким, авиакомпания бош штурмани Станислав Гурфинкель, «Boeing-787» учувчилар отряди командири Асаджон Турсунов, иккинчи учувчилар Рустам Курганов ва Олимжон Узоқов амалга оширди. Тошкентга қайтишда «орзу лайнери»ни самолёт командири Павел Маргачёв, «Boeing-787» учувчилар отряди учувчи-йўриқчиси Алексей Маркин ва иккинчи учувчи Улуғбек Эшмаҳамедов бошқарди.

– Биз мазкур парвозга узоқ вақт тайёргарлик кўрдик, – дейди самолёт командири П.Маргачёв. – Натижада Нью-Йорк – Тошкент рейси муваффақиятли амалга оширилиб, парвоз давомийлиги 11 соат 20 дақиқани ташкил этди.

Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент илк узлуксиз парвози йўловчилар томонидан юқори баҳоланди.

– Сафарга чиқишдан аввал бироз саросимага тушдик. Чунки шу пайтгача бирор марта ҳам Нью-Йоркдан Тошкентга тўғридан-тўғри учмаган эдик, – дейди Нигина Набиева. – Аммо миллий авиакомпаниямиз экипаж аъзоларининг юксак маҳорати боис сафаримиз хавфсиз, ишончли ўтди.

– Бу рейсни нафақат биз, балки Атлантика уммонининг ҳар икки томонидаги жуда кўплаб одамлар интиқлик билан кутганди, – дейди Одил Остонақулов. – Шундай катта имкониятни яратиб бергани учун мамлакатимиз раҳбарияти, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига катта миннатдорлик билдирамиз.

Бугунги кунда иккита замонавий «Boeing-787 Dreamliner» самолётини эксплуатация қилаётган миллий авиакомпания парки 2019 йилгача яна тўртта «орзу лайнери» билан тўлдирилиши Ўзбекистон фуқаро авиациясининг жаҳон авиабозорида ишончли ва барқарор авиаташувчи мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Беҳзод Бозоров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА