Тезюрар поездлардан фойдаланиш давлатнинг иқтисодий қудратини намойиш этади

Бундан бир неча йил муқаддам, GoEuro нашри “Global High-Speed Train Ranking” томонидан эълон қилинган рейтинг ҳақида маълумот берди. Бу рўйхатдан Марказий Осиёдан фақатгина Ўзбекистон ўрин олган. Унда тезюрар поездлари мавжуд бўлган 20 та давлат орасида Ўзбекистон 17 ўринда турибди.
Рўйхат тузилишида поездларнинг тезлиги, темирйўл тармоқларининг қамрови, аҳолининг ўта тез юрар поездлардан фойдаланиши ва ҳар 1 километр учун тўлайдиган йўл кираси ҳисобга олинган. Нашр эълон қилган маълумотга кўра, Ўзбекистонда тезюрар поездларнинг ўртача тезлиги соатига 255 километрни ташкил қилади.
Айни дамда мамлакат аҳолисининг 9,01 фоизи ўта тезюрар поездлар хизматидан фойдаланмоқда. Бу поездларда йўл кира ҳаққи бир километр учун 0,18 еврони ташкил қилади. Бу борада Ўзбекистон Норвегия, АҚШ ва Финляндия каби мамлакатларни ортда қолдирган.
02.jpg
Кузатувчиларнинг фикрича, тезюрар поездларга мўлжалланган темирйўл тармоғи замонавий дунёнинг янги кўриниши бўлиб, атиги 20 та мамлакатда асосий транспорт тармоғи ҳисобланади. Бундан бир неча йиллар аввал бир шаҳардан иккинчи шаҳарга тезроқ бориш учун самолётлардан фойдаланиларди. Эндиликда шаҳарлар, ҳатто мамлакатларни ўзаро боғловчи тезюрар поездлар пайдо бўлди.
Хитой, Япония ва Европанинг қатор мамлакатларида 300 километр масофани атиги бир соатда босиб ўтувчи поездлар оддий транспорт турига айланиб бормоқда. Тезюрар поезд деб, темир йўлларда ўртача тезликдан кўпроқ ҳаракат қиладиган поездларга айтилади. Таҳлилчилар соатига 140 километр тезликда ҳаракатланувчи поездларни тезюрар деб, тезлиги 200 километрдан ошадиган поездларни юқори тезликдаги поездлар деб аташади.
03.jpg
Замонавий юқори тезликдаги поездлар соатига 350—400 километр тезликда ҳаракат қилади. Айни дамда тезлиги 560—580 километр бўлган поездлар синови ўтказилмоқда.
Шуни таъкидаш керакки, тезюрар поездлар илк бор ўтган асрнинг 60 йилларида Японияда пайдо бўлган, 80 йилларда Европада тез юрар поездларга мўлжалланган темир йўллар қурила бошланди. Аҳоли сонининг ўсиши Осиё мамлактларида тезюрар поездларига бўлган талабни кучайтириди. Бу борада Япония биринчиликни ўзида сақлаб турибди. Илк бор юқори тезликдаги поездлар қатнови 1964 йилда Японияда Синкансэн лойиҳаси бўйича йўлга қўйилганди. 1981 йилдан бошлаб эса Францияда ҳам юқори тезликдаги поездлар қатнай бошлади. Кейинчалик бу жараён Европа ғарбидаги деярли барча мамлакатларда кузатила бошланди.
04.jpg
XXI аср бошларида юқори тезликдаги поездлар йўлларининг узунлиги ва қатнови бўйича Хитой биринчиликка эришди. 2012 йилги ҳолатга кўра, бу мамлакатда темир йўлларининг узунлиги 9 минг 300 километрни ташкил қилади. Шундан 1995 километрида поездлар соатига 350 километр тезликда юради.
Хитойда юқори тезликда ҳаракат қилувчи поездлар учун темирйўллар қуриш асосан Давлат банклари ва давлатга тегишли молия институтлари томонидан молиялаштирилади. Ҳозирча юқори тезликдаги поездлар фақат йўловчиларга хизмат қилмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирча тезюрар поездлар реактив самолётларнинг тезлигига ета олмайди. Тан олиш керак, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга етиб боришда самолётлар поездларга қараганда анча қулайдир. Бироқ аэропортларнинг вокзалларга нисбатан шаҳардан узоқдалигини эсдан чиқариш керак эмас. Бу эса йўловчиларнинг шаҳардан аэропортга ёки аэропортдан шаҳарга боришларида анча вақт ва харажатларни талаб қилади.
05.jpg
Кўплаб шаҳарларда аэропортга бориш салкам бир соатни ташкил қилиши сир эмас. Вокзаллар эса шаҳар марказида жойлашган. Чипталарни эса поезд қўзғалишидан 15 дақиқа аввал харид қилиш мумкин. Бу эса поездларнинг самолётлардан афзаллигини исботлайди. Поездлардан фойдаланиш ўз навбатида ички йўналишда парвоз қилувчи самолётлар сонини камайтириши, улардан кўпинча халқаро йўналишларда фойдаланиш, нисбатан қиммат бўлган авиация ёқилғисини иқтисод қилиш имконини беради.
“Евростар” (Eurostar) – Лондон ва Кент графлигини Франциянинг Париж, Лилль ва Бельгия пойтахти Брюссель билан боғловчи темир йўл тармоғидир. “Евростар” поездлари Ла-Манш бўғози тагидан ўтиб кўҳна қитъани ўзаро боғлайди. “Евростар” поездларининг иккита тури мавжуд: Eurostar Three Capitals (инглизча “Уч пойтахт” демакдир) 2 та бош ва 18 та йўловчи вагонларидан иборат; Eurostar North of London (инглизча. «Лондон шимоли»)да эса 14 йўловчи вагони бор.
Париж–Брюссель–Кёльн–Амстердам йўналишида қатновчи поездларнинг тезлиги соатига 300 километрни ташкил қилиб йўловчилар Париждан Брюсселга 80 дақиқада етиб олишлари мумкин. Тез юрар поездлар ўз йўловчиларини Лондондан Парижга 3 соатда етказиб қўяди. Япониянинг E5 Shinkansen экспресси соатига 330 километр тезликда Токиодан Син-Аоморига уч соатда етиб боради. Испанда эса AVE поездлари соатига 330 километр тезликда ҳаракат қилар экан, Мадриддан Барселонагача бўлган масофани икки соату 38 дақиқада босиб ўтади. Пекин–Тяньцзинь йўналишидаги поездларнинг тезлиги соатига 360 километр бўлиб, йўловчилар ўз манзилларига 30 дақиқада етиб олишади.
Тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилган давлатлар орасида “Насаф”, “Шарқ” ва “Афросиёб” тезюрар поездлари қатновини йўлга қўйган Ўзбекистоннинг ҳам борлиги кўнгилимизни тоғдек кўтарди. Бу ҳам бўлса бизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаганимизни ва кам бўлмаслигимизни ёрқин исботидир.
Шарофиддин Тўлаганов