Ҳиндистонда кучли бўрон бетон иморатларни ҳам қулатмоқда

Аввалроқ Ҳиндистонда кучли қумбўронлари ва жала кузатилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

ОАВнинг сўнгги маълумотларига кўра Уттар-Прадеш, Рожастон, Уттараҳанд ва Панжоб штатларида қумбўронлари давом этмоқда. Баъзи жойларда шамол тезлиги соатига 123 километрга етган.

Табиий офат туфайли қурбонлар сони ҳам ошиб бормоқда. Мамлакат шимолида 127 та инсон ҳалок бўлган бўлса, жанубда яна 21 киши яшин уришидан ўлган. Минглаб аҳоли ўз уйларини тарк этмоқда.

“Худди қартадан ясалган уйчалардек, бетон иморатлар бир-бирининг устига қулаб тушмоқда. Дарахт, симёғочлар борки, барини кучли шамол супириб ташлади. Биз харобалар тагидан одамларни чиқариб олиб, шифохоналарга жўнатмоқдамиз” , деган маҳаллий полиция вакили Нарендра Шарма “Times of India” газетасига.

Метеорологлар маълумотига кўра, Ҳиндистонда эртага ҳам кучли бўрон ва жала кузатилади.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА