Ўзбекистон Республикаси Президенти Корея Республикаси делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Ён Гиль бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Жанубий Корея раҳбарияти ва халқини жорий йил 27 апрель куни Пханмунжомда Кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор табриклади.

60711818-4cdc-fb90-c0e9-505419361803.jpg

Ушбу тарихий тадбир Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг КХДР билан муносабатларни яхшилаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган «Янги шимолий сиёсат»ни рўёбга чиқариш борасидаги қатъий позицияси ва саъй-ҳаракатлари туфайли самарали натижалар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланиб, кўп қиррали ҳамкорлик кенгайиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликни янада юксак даражага олиб чиқиб, сифат жиҳатидан янги мазмун, турли соҳаларга доир аниқ лойиҳалар ва дастурлар билан бойитди.

Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий, инновация ва гуманитар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

623fb8ec-ceb7-1feb-5359-86d1ada53f3f.jpg

Сон Ён Гиль давлатимиз раҳбарига самимий қабул ва табрик учун миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Корея Республикаси бепоён минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти йўлида Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ва кўп форматли шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

 

ЎзА