Президентлар Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилди

Дини бир, тили ва маданияти яқин ўзбек ва турк халқларини ўхшаш анъана ва қадриятлар, буюк алломаларимизнинг бой маънавий мероси бирлаштириб туради. 
Юртимизда таваллуд топган улуғ алломалар номларини Туркияда ҳам яхши билишади, улар қолдирган меросга қизиқиш беқиёс. Бутун мусулмон оламида машҳур аллома, нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан ҳисобланади.
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Улуғ аллома руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.
Олий мартабали меҳмонга тариқат асосчиси ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мустақиллик йилларида мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
“Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”. Улуғ мутафаккир Баҳоуддин Нақшбанд асос солган нақшбандия тариқати ушбу ҳикматга асосланади. Асли исми Муҳаммад бўлган аллома ёшлигида отаси устозлигида кимхобга нақш солиш билан шуғулланган. Аллоҳга муҳаббатни қалбларга нақшлагани боис Нақшбанд номини олган. Баҳоуддин эса диннинг нури деган маънони англатади.
Баҳоуддин Нақшбанд халқ ўртасида Хожа Баҳоуддин, Баҳоуддин Балогардон, Хўжаи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан ҳам машҳур.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш юзасидан улкан ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Мажмуа ҳудудида ўтган йили Мир Араб олий мадрасаси фаолият бошлади. Туркия Президентига ушбу мадраса тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
Меҳмон улуғ аллома қўним топган маскан билан танишар экан, бу ерда амалга оширилган эзгу ишларга юксак баҳо берди. Баҳоуддин Нақшбанд таълимотини, алломанинг издошлари ҳақидаги маълумотларни илмий асосда ўрганиш, ислом дини замиридаги олийжаноб фазилатларни ёш авлод қалбига чуқур сингдириш зарурлиги таъкидланди.

 

Матназар Элмуродов, Эркин Ёдгоров, ЎзА