Ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ўсмоқда

Ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ўсмоқда

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. 

Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро савдо ҳажми ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича ижобий ўзгаришлар алоҳида қайд этилди.

Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. Яъни, Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринда туради. 2017 йилда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

– Шу йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 20 фоизга ўсиб, 400 миллион долларга етди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар етарли.

3d3a1f67-8a1e-a83e-5f80-7d5d898bb2bd.jpg

Ўтган йилнинг ўзида юртимизда турк ишбилармонлари инвестицияси иштирокида 20 дан ортиқ корхоналар ташкил этилди, 53 компания ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилди. Бугунги кунда мамлакатимизда Туркия капитали иштирокидаги 550 дан зиёд фирма ва компаниялар фаолият юритмоқда.

Туркия Президенти ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун бор имкониятини ишга солишини, бу ҳар икки мамлакат ривожида муҳим ўрин тутишини қайд этди.

116a8337-5b32-6ab5-60de-6385b2e6debe.jpg

Музокараларда транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича атрофлича фикрлашилди. Жумладан, Баку – Тбилиси – Карс темир йўли савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Бу борада транзит тарифларини янада мақбуллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришда миллий авиакомпанияларимиз ўртасида шерикчилик муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан ўтган йил октябридан бошлаб “Самарқанд – Истанбул”, “Турк ҳаво йўллари” томонидан шу йўналиш бўйича жорий йилнинг мартидан бошлаб тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, ўзаро борди-келдилар соддалаштирилгани мамнуният билан қайд этилди.

Ҳозирги вақтда авиақатновларни кенгайтириш мақсадида янги режалар ва қўшма лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.

Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги дастурлар доирасида турк инвестицияси иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳам музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.

Яна бир муҳим йўналиш – Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳам амалий фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Икки мамлакатда харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилиш бўйича якдил фикр билдирилди.

Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ишлари бундан кейин ҳам рағбатлантирилиб борилиши қайд этилди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

  02.05.2018, 08:05  |    206 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!