Даромадли ўйинлар. Россия футбол бўйича жаҳон чемпионатидан қанча фойда кўради?

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ — 2018
Россия Федерацияси ҳукумати футбол бўйича жаҳон чемпионатидан кўриладиган иқтисодий нафни 867 миллиард рублга баҳолади. РИА Новости бу сумма қаердан келиши ва мамлакат иқтисодиётига спорт мусобақаларининг қандай таъсири борлигини таҳлил қилди.
Мақолада ёзилишича, «Россия-2018» ташкилий қўмитаси раҳбари, Бош вазир ўринбосари Аркадий Дворкович «Футбол бўйича жаҳон чемпионатининг Россия иқтисодий ва ижтимоий соҳаларига таъсирини баҳолаш»га оид таҳлил тақдимотида мундиаль мамлакат иқтисодига таҳминан ЯИМ 1 % гача бўлган миқдорда даромад келтиришини маълум қилган.
Ўтаётган ҳафтада Россия Марказий банки томонидан эълон қилинган прогнозда Россия ЯИМ 2018 йил якунида бир ярим-икки фоизга ўсиши таъкидланганди. Демак, ЖЧ – 2018 бу ўсишни асосини таъминлар экан-да.
Дастлабки ҳисоб китобларга қараганда, Россиянинг жаҳон чемпионатига тайёргарлик харажатлари 683 миллиард рублни ташкил этди. Бу 12 миллиард АҚШ доллари атрофидаги маблағдир. Ҳозиргача бўлган мундиаллар орасида энг кўп харажат кетаётганини англатади. Умуман олганда ҳар доим чемпионатлар олдингисига қараганда қимматроққа тушиб боряпти.
Масалан, Корея ва Япония 2002 йилда мос равишда 2,5 миллиард ва 5,6 миллиард сарфлашган бўлса, 2006 йили Германия 7,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.
2010 йилда ЖАР умумий тамойилни бузганди ва харажатлар сметасини 6 миллиард долларгача туширган. Лекин Бразилия 2014 йилда яна уни кўтарди ва 11 миллиард доллар сарфлади. Бу “ҳали ҳолваси”. Қатар 2022 йилги жаҳон чемпионати учун, астрономик сумма — 200 миллиард доллар ажратаётганини айтмоқда.
ХАРАЖАТ ЭМАС, ИНВЕСТИЦИЯЛАР
Аслида йирик халқаро мусобақаларга кетадиган харажатларни майдалаб ҳисоблаб ўтириш нотўғри. Аркадий Дворкович ҳам айни шу фикрда: “Бу инвестициялар, харажатлар эмас. Бу фойда келтирувчи харажат бўлиб, у инсонлар ҳаётига тўғридан тўғри ҳисса қўшади. Жумладан, Россияда жаҳон чемпионатини ўтказиш учун 20 дан ортиқ темир йўл вокзаллари ва станциялар, 178 километр йўллар қайта таъмирланди. Аэропортларнинг йўловчиларни ўтказиш имкони ортди. Демак, спортга алоқадор бўлмаган инфратузилма ҳам янгиланди.
Германия 7,7 миллиард долларнинг 25% ни спорт иншоотларига, қолганини инфратузилмавий қурилишларга сарфлаган.
Бразилия эса 11 миллиарднинг 3,6 миллиардини спорт шароитларини яратишга, 2,6 миллиардни аэропорт ва 3,4 миллиардини транспорт тизимини такомиллаштиришга йўналтирди.
Россияда спорт инфратузилмасини яратишга бўлган сарф-харажатлар умумий маблағни 39 фоизини, транспорт каби бошқа инфратузилмаларга эса 44 фоизни ташкил этди.
Тахминларга кўра, турнирга 570 минг мухлис ташриф буюриши кутилмоқда. Биргина Краснодар ўлкасига 130 минг хорижий меҳмоннинг келиши айтиляпти. Аслида, бу ўлкага бир йил давомида келадиган сайёҳлар сони шунчадир. Иқтисодчилар хорижий меҳмонлар мамлакат ЯИМ га 120 миллиард рубл олиб келади, деган фикрда.
Одатда, йирик спорт мусобақалари вақтида, алкоголь ва яхна ичимликлар, фастфуд ва бошқа таомлар, сувенирлар савдоси сезиларли даражада ортади. Бундан ташқари меҳмонхона ва IT – бизнесида ҳам катта даромад бўлади.
Яна бир иқтисодий натижа – бу аҳоли бандлигидаги ўсиш бўлиб, тадқиқотларга қараганда, ЖЧ-2018 сабабли 220 минг иш ўрни яратилди.
КЕЛАЖАК УЧУН НАТИЖА
Футболдан олинган ижобий иқтисодий таъсир анчагача сезилиб турса керак. Бу яқин 5 йил ичида Россия иқтисодига қўшимча 150-210 миллиард рубл келтириши мумкин. Айниқса, туризмга таъсири катта бўлади. Зеро, чемпионат вақтида Россиянинг кўпчиликка нотаниш бўлган шаҳарлари билан ҳам танишиш имкони яратилган.
Якуний иқтисодий натижа эса албатта қурилган иншоотлардан кейин ҳам қандай фойдаланилишига боғлиқ. Янги стадионларни тўлалигича ишлатишни ҳамма ҳам уддасидан чиқа олмайди. Масалан, 2002 йилги Жаҳон Чемпионати учун Японияда қурилган стадионлар маҳаллий жамоалар томонидан унумли фойдаланилмоқда. Кореяда эса футболга унчалик ҳам қизиқиш катта эмас, шу сабабли йирик майдонлар ҳувиллаб ётади. Энг муҳим ўйинлар ҳам кўпи билан 20 минг томошабинни жамлаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича жаҳон чемпионати «Лужники» стадионида 14 июнь куни Россия-Саудия Арабистони ўйини билан бошланади. Мундиалдан 62 та ўйин ўрин олган бўлиб, 32 терма жамоа иштирок этади.

 

Н. Тошпўлатова, ЎзА