“Ўзбекистон” халқаро кўргазмада Гран-прини қўлга киритди

Остонада давом этаётган “III Евроосиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси” қизғин паллага кирди.

Аввал хабар қилинганидек, халқаро кўргазмада Ўзбекистон делегацияси муносиб иштирок этмоқда.

2.JPG

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги масъул котиби Қ.Уалиев билан учрашув ўтказди. Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро кўргазма доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар, маданият намояндалари билан учрашувлар, китоб тарғиботига доир тадбирлар давом этди.

“Корме” кўргазмалар марказининг конференциялар залида Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Иқбол Мирзо билан ижодий учрашув, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: ислом оламининг буюк даҳоси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Куннинг иккинчи ярмида кўргазманинг фаол иштирокчиларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ташкилий қўмитаси томонидан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Агентлик тизимидаги “Ўзбекистон”, Ғафур Ғулом, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази, “Ҳилол нашр” нашриёт-матбаа корхонаси, “Бухоро китоб олами” масъулияти чекланган жамияти халқаро кўргазмадаги фаол иштироки учун тақдирланди.

3.JPG

5.JPG
Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи (“Внеклассное чтение” – 1-4 синфлар учун мўлжалланган дарсдан ташқари китоби учун) “Энг яхши ўқув адабиёти”, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси (“Ўзбек халқ эртаклари” китоби учун) “Болалар ва ўсмирлар учун энг яхши китоб” номинацияларида махсус дипломни қўлга киритди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи “Наманган” китоб альбоми учун “Энг яхши ўлкашунослик” номинацияси бўйича, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси “Алишер Навоий қомусий луғати” учун “Фан ва инновация” номинациясида I даражали дипломга эга бўлди.

Дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан 150 дан ортиқ нашриётлар қатнашган ушбу кўргазмада Ўзбекистон миллий павильони энг яхши экспозиция, деб топилди.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган Нурсултон Назарбоевнинг “XXI аср арафасида” китоби олий мукофот – Гран-прини қўлга киритди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги
Ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

 

ЎзА