ХХ аср турк ҳикоячилигининг тараққиёт тамойиллари

ХХ аср турк ҳикоячилигининг тараққиёт тамойиллари

ХХ аср турк ҳикоячилиги қатор поэтик босқичларни босиб ўтди. Турк фольклори, анъанавий Шарқ мумтоз поэтикаси, ХХ аср турк ҳикоянавислиги тараққиёти тамойиллари, жаҳон насри анъаналари янги турк ҳикоячилиги поэтик тамойилларининг юзага келиши учун асос бўлиб хизмат қилди. Бу жараёнда индивидуал ижодкорлар истеъдоди, бадиий маҳорати муҳимлиги “ХХ аср турк ҳикоячилигининг тараққиёт тамойиллари” номли илмий тадқиқотимизда тадқиқ этилди. Замонавий турк адабиётида реалистик ҳикоянинг юзага келиши халқ ижодиёти теран илдизларига бориб тақалади. 
Турк фольклорида мавжуд миф, афсона, эртак, таҳкие, халқ ҳикоялари ва ҳикоятлари замонавий ҳикоянинг пайдо бўлиши учун асос вазифасини бажарган. Халқ достонлари, хусусан, «Китоби Дада Қўрқут» ҳикояларининг ҳам турк реалистик ҳикоячилигидаги илк шаклланиш жараёни учун аҳамияти чексиз. Айни пайтда, турк мумтоз адабиёти вакиллари томонидан араб, форс адабиётидан қилинган таржималар, миллий анъаналар таъсирида пайдо бўлган турк мумтоз ҳикоянавислиги анъаналари, XIX аср охирларига келиб, жаҳон ҳикоячилиги, хусусан, француз ҳикоячилигидаги ҳикоя жанрига хос хусусиятларни турк ҳикояси билан синтезлаш асосида миллий ҳикоя жанри янги бадиий тамойиллар билан бойиди.
XIX аср охири ва XX аср бошларида турк ҳикоячилиги ўзига хос шаклланиш, такомил босқичларини босиб ўтди. Танзимот ҳодисаси турк реалистик ҳикоячилиги учун муҳим ўрин тутди. Жаҳон ва Ғарб маданияти билан тизимли ижтимоий, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг йўлга қўйилиши, халқ ижтимоий ҳаёти, маиший турмуши, дунёқараши, психологиясида рўй берган ўзгаришлар, биринчи навбатда, энг фаол насрий жанр – ҳикояда ўзининг бадиий ифодасини топди. «Сарвати Фунун» даврига келиб, санъатнинг тарбиявий роли билан бир қаторда, унинг энг муҳим ва азалий функцияси – ўқувчида эстетик завқни камол топтириш олдинги планга чиқди. «Фежри Оти» ижтимоий-маданий ҳаракати вакиллари адабиётни ижтимоий, фалсафий қарашлар воситаси сифатида эмас, айнан мақсаднинг ўзи сифатида талқин қилдилар. Адабиёт марказига «гўзаллик» категорияси кўтарилди. Услубда ноанъанавийлик, рамзийлик, санъаткорлик тамойиллари бош мақсадга айланди. «Генж каламлар» («Ёш қаламкашлар») журнали атрофида жипслашган ёш ижодкорлар авлоди турк ҳикоячилигида яна бир самарадор босқичга асос бўлиб хизмат қилди. Бу давр ҳикоянавислари «миллий адабиёт» ғоясини ривожлантирдилар. Хусусан, Мамдуҳ Шавкат турк ҳикоячилигида янги йўналишни бошлаб берди. Адиб янги услубда турк халқи реал ҳаёт тарзини ёрқин тасвирлашга эришди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Чехов ҳикояларининг илк маротаба турк тилига ўгирилиши турк носирлари учун катта воқеа бўлди. 20-йиллардан 30-йилларга қадар Эсендал йўлида ижод қиладиган ҳикоянавислар авлоди етишиб чиқди. Рашод Нури Гунтекин, Пеями Сафо, Усмон Жамол, Фаҳри Жалолиддин каби ёзувчилар шулар жумласидандир.
ХХ асрнинг 20-30 йиллари ҳам турк ҳикоячилиги такомили ва жанр поэтикаси нуқтаи назаридан самарали давр бўлди. Бу давр турк ҳикоячилиги жанр тадрижи билангина эмас, балки жанр мезонлари, бадиияти жиҳатидан ҳам юксак даражага эришди. Шу пайтгача турк ҳикоячилигида кузатилмаган реал ҳаётдан олинган сюжетлар, «кичкина одам», «қишлоқ одами», «қашшоқ одам», «эзилган аёл» образлари пайдо бўлди. 30-йиллардан кейин Саид Фоиқнинг инсон ва жамият мавзусидаги ҳикоялари табақаланган халқ, турли хавф-хатарлар ичра яшаётган инсон, ишчи ва ишбошчи, ташландиқ, бегона одамлар тасвири билан янгилик касб этди. Сабоҳаддин Али ижоди ҳам бу давр ҳикоячилигида ижтимоий муаммоларни ҳаққоний талқин этгани эътиборга молик. У салафлари (У.Сайфиддин, М.Эсендал, С.Фоиқ) бошлаб берган ижтимоий мавзуни тубдан янгилади. Асарларида бир оз соцреализм адабиётига мойиллик сезилса-да, ХХ аср турк жамиятига хос ҳаёт ҳақиқатини тасвирлаш тамойилидан чекинмади. Новаторона ҳикоялари билан миллий ҳикоячиликни янги бир босқичга олиб чиқди.
1940-1960 йиллар турк ҳикоячилигидаги услуб масалалари ҳақида сўз борганда, бу давр ҳикояларида бадиий услубнинг ранг-баранг бўлишида ўзининг ижодий дунёқараши, истеъдоди, ҳаётни идроклаш, бадиий акс эттириш принциплари билан ўзгартирган ёзувчилар ижоди муҳим ўрин тутади. Бунда, энг аввало, Ўрхон Камол асарлари, ёзувчи ижоди учун бош мавзу ҳисобланган қуйи табақа вакиллари турмуш йўлларини тасвирлаш, уларга нисбатан муаллифнинг гуманистик муносабати ушбу ҳикоялар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилди. Ў.Камол услуби ёш турк ҳикоянавислари томонидан изчил давом эттирилди. Турк реалистик ҳикоячилигида ўз услуби билан танилган иккинчи ёзувчи Ҳаликарнас Балиқчиси тахаллуси остида ижод этган Мусо Жават Шакир Қабооғочлидир. У Ў.Камолдан фарқли ўлароқ, турк ҳикоячилигига денгиз ва денгизчилар ҳаёти мавзусини олиб кирди. Туркия мамлакатининг географик жойлашув ўрни, денгиз бўйида яшайдиган туркларнинг турмуш тарзи, қолаверса, Мусо Жават Шакир Қабооғочлининг денгизу денгизчиларнинг халққа яқин услубда ёзилиши ва ҳаётига бўлган муҳаббати унинг янги ҳикоя композицияси ва услубини топишда муҳим омил бўлди. Азиз Несин ижоди халқ кулгиси билан ижтимоий трагизмни ўзаро уйғунликда акс эттириши билан қимматлидир. Унинг ҳикояларида халқ ижодига хос латифа, аския, ҳажвий ҳикоя, масал, матал, мақол муҳим ўрин тутади. Ториқ Буғро услуби эса инсоннинг ботиний, психологик ҳолатларини теран идроклаш, тасвирлашга уринишлар жараёнида шаклланди. Т.Буғро ҳикояларидаги ўзига хос тасвир принципи турк адабиётида психологик тасвир йўналишини бошлаб берди. Бу услуб 1940-1960 йиллар ҳикоячилигининг замонавий турклар – эркаклар, аёллар, болалар, кексаларнинг зоҳирий дунёсидан ботиний дунёсига, шахсияти тасвиридан ички «мен»и таҳлилига ўтганидан далолат берди.
1960-1980 йиллар турк насрида адибалар ҳикоячилиги бўртиб кўринади. Бу ҳикоялар ўзигача бўлган эркак ёзувчилар ҳикоячилигидан услуб, образ, сюжет, психологик талқин усули, айниқса, аёл қалбини теран тасвирлаши билан фарқ қилади. Бу давр аёллар ҳикоячилигида кўзга ташланган монолог-ҳикоя шакли турк замонавий насри учун янгилик эди. Қисман интуитив, қисман лирик ва драматик туйғуларга йўғрилган, маълум даражада декадент кайфиятга ўхшаб кетадиган монолог-ҳикоянинг энг етук намуналари икки турк адибаси – Назиҳа Мерич ва Фирузан томонидан яратилди. Янгиланаётган даврда замондош аёлнинг қалби, ички кечинмалари, руҳий ҳолати қаламга олинди. Аёл баъзан ожиз, заиф, кучсиз, баъзан иродали, чидамли, бардошли, қаноатли, баъзан эса ҳам маънавий, ҳам маданий қашшоқ, баъзида фидойи она сиймосида тасвирланди. Томрис Уяр, Севинч Чўкум ҳикояларида аёл руҳий оламини очиб беришда унга хос сирли хотиралар асос қилиб олинди. Психологик тасвир, монологик нутқ, образлар ва воқеаларнинг ассоциацияга қурилиши бу адибалар ҳикоячилигининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобланади.
Турк ҳикоячилигига турк модерн (янги) адабиёти тушунчасининг кириб келишида Ю.Отилган ва Ф.Эдгулар ижодининг аҳамияти катта. Рамзий сюжет, рамзий образ, рамзий диалоглар, уларнинг янги усубий шаклда ифодаланиши турк модерн ҳикоячилигининг етакчи хусусиятларидир. Ю.Отилган ҳикояларида қаҳрамон хатти-ҳаракати оғир ва мураккаб вазиятлар фонида акс эттирилади. Ф.Эдгу ижодининг ўзига хослиги шундаки, у бир қатор ҳикояларида инсон ҳаётидаги фожиа, исён, муросасизлик ва муросасозлик каби зиддиятга тўла ҳолатларни бутун мураккабликлари билан ишонарли ёритди. Ф.Эдгу Шарқ халқлари адабиётига хос мажоздан тасвир воситасида самарали фойдаланиб, мажозий наср услубига асос солди, турк ҳикоянавислигига «минимал ҳикоя» (minimal öykü) жанрини олиб кирди. Турк адабиётшунослари томонидан «модерн» услубига мансубланган турк ҳикояларининг ҳаммаси ҳам мавжуд назарий қолипларга сиғадиган бадиий ҳодисалар эмас. Улар янги шаклга солингани, тасвир тамойиллари мураккаблашгани, психологик талқинлари, анъаналарнинг истифода этилиш усулига кўра тамомила янги моҳият касб этади. Аммо ҳеч бир жиҳатдан Ғарб модернизмини такрорламайди. М.Қутлу ижодида турк фольклори, Шарқ классикаси анъаналарини замонавий усулда қайта жонлантириш, шу асосда жанр, сюжет, қаҳрамон ва услуб компонентларини янгилаш тамойили етакчилик қилади. Унинг ҳикояларида сюжет мотивацияси, рамз ва тимсоллар модификацияси пухта ишланган. Хизр алайҳиссалом, Дада Қўрқут, сўфий, эртакчи, сув париси, денгиз сингари образлар янги сюжет, янги ҳикоябоп воқеалар фонида бадиий инкишоф этилган. С.Илери ҳикоялари эса глобал цивилизация қуршовидаги одамнинг ёлғизлиги, ички изтироблари, мушоҳада ва хаёлларини трагик тасвирлашга қаратилгани билан ажралиб туради.
Умуман, ХХ аср бошларидан бугунги кунгача бўлган даврда турк ҳикоянавислигида қатор янги поэтик тамойиллар кашф этилди. Инсон ва ҳаёт воқелиги ўзига хос бадиий усуллар ёрдамида ифодаланди. Бу тамойиллар нафақат турк адабиёти, балки жаҳон насри учун муҳим аҳамият касб этади.
Пошшажон Кенжаева,
ТошДШИ катта ўқитувчиси
филология фанлари доктори (DSc)

 

ЎзА

  29.04.2018, 15:01  |    176 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!