Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошқармаси томонидан ташкил этилган «Қуръон мусобақаси»нинг Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасидаги «Ёшлар маркази»да 21-24 апрель кунлари (эркаклар) ўртасида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси босқичида юртдошларимиз муносиб  иштирок этиб, совринли ўринларга сазовор бўлишди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ғолиб бўлган фуқаролар ўз билимларини кўрсатиб, беллашди. Мусобақа «ҳифз»-қуръонни бутунлай ёдга биладиган ва «тиловат»-қуръонни чиройли қилиб ўқийдиган қорилар ўртасида бўлиб ўтти.

Ғолиблар аниқланиб, 18-25 ёшдаги эркаклар ўртасида тиловат йўналиши бўйича юртдошимиз Нурмуҳаммед қори Аметниёзов учинчи ўринни эгаллади. Диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган мусобақада эса «тиловат» йўналиши бўйича Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим юрти талабаси Ҳаммидуллоҳ қори Ҳикматуллоев иккинчи, «ҳифз» йўналиши бўйича Тахиётош туманидан бориб Тошкент ислом институтида таълим олаётган Йўлдошбой Нуриддинов биринчи ўринни эгаллади.

Мазкур қуръон мусобақасининг мутлоқ ғолиби ҳам – Йўлдошбой қори Нуриддинов деб топилиб, унга энг олий соврин Президент совғаси – «Ласетти» автомашинаси топширилди. Шунингдек, тиловат йўналишлари ғолибларига икки кишилик, ҳифз йўналиши ғолибларига уч  кишилик умра зиёрати сертификатлари ҳамда ҳомийларнинг совғалари берилди.

Ә.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.