Таниқли қўшиқчи шоир ва драматург Туроб Тўла таваллудининг 100 йиллиги арафасида адиб туғилиб ўсган қадимий Турбат қишлоғида тантанали кеча бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, икки қардош халқ ўртасидаги қадимий дўстлик ришталари ҳақида гапирилди. Жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат нафақат икки мамлакат ўртасидаги, балки минтақа давлатлари ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларининг ривожига катта ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Деярли ҳар бир сўзга чиқувчи Ўзбекистон раҳбариятининг сўнгги икки йилдаги ташқи сиёсатига тўхталиб ўтди ва бу сиёсатга юқори баҳо берди.
Тадбирда Турбатдаги оддий деҳқон оиласида туғилиб, кейинчалик Тошкентдаги болалар уйида тарбияланган, 1933–1941 йилларда Тошкент педагогика институтининг кечки бўлимида таҳсил олган, шу билан бирга, ёшларга мўлжалланган журнал ва газеталарда ишлаган Туроб Тўла ҳаёти ва ижоди ҳақида атрофлича маълумот берилди. Бу борада адиб ҳаётига бағишланган 10 дақиқалик фильм иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Туроб Тўланинг Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Радиосида бўлим бошқарувчиси, «Ўзбекфильм» киностудиясида адабий бўлим мудири, Республика киночилар уюшмаси котиби, Санъат ишлари бошқармасининг бошлиғи, Ҳамза номидаги (ҳозирги Ўзбек Миллий) Академик драма театри директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиёт тарғиботи марказининг раҳбари каби бир қанча масъул лавозимларда фаоллик кўрсатгани борасидаги маълумотлар тадбир иштирокчилар ҳукмига ҳавола этилди.
1934 йиллардан шеър ёзишни бошлаган Туроб Тўланинг илк шеърлар тўплами 1939 йилда нашр қилинган. 1941–1945 йилларда унинг ҳарбий мавзудаги шеърлари халқимизнинг фашизмга нафратини ва ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини ифодалади. Унинг қўшиқ учун ёзилган ёқимли, жарангдор шеърлари замонамиз кишиларининг юрагига ҳамоҳангдир. Халқимиз Туроб Тўлани қўшиқчи шоир сифатида таниди ва тан олди. Шоирнинг шеърлари асосидаги қўшиқлар ҳамон телевидение ва радиотўлқинларида берилади.
«Раис», «Марғилонлик қиз», «Талант», «Мафтунингман», «Фурқат», «Шашмақом», «Тўққизинчи аср монологи», «Қаҳр» фильмларининг сценарийси Туроб Тўла қаламига мансуб.
Драматург сифатида Туроб Тўла «Қирқ қиз», «Қизбулоқ», «Момо ер» (Ч.Айтматов асари асосида), «Нодирабегим», «Қаҳр» пьесаларини ёзган, бу асарлар республика театрларида қўйилган. У Ойбек қаламига мансуб «Қутлуғ қон» романи асосида «Зулматдан нур» операси ҳамда «Самарқанд афсонаси» балети либреттоларини ёзган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла ўз шеърлари, қўшиқлари, музикали драмалари ва киносценариялари билан ўзбек китобхонлари ва томошабинлари қалбидан чуқур жой олган эди. У Шекспирнинг «Қийиқ қизнинг қуюлиши» комедияси, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.А. Некрасов, Т.Шевченко, А.Тўқай, С.Муқонов асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Турбатда бўлиб ўтган тадбирда иштирок этиб, нутқ сўзлаган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Қозоқ адабиёти бўлими мудири Меҳмонқул Исломқулов “Шарқ юлдузи” журналининг навбатдаги сонида Туроб Тўла ҳақида эссе ва адибнинг шеърлари эълон қилинганини, шу йил охирларига қадар шоирнинг “Танланган асарлари” нашр қилинишини, адибнинг 100 йиллик юбилейига қизғин тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.
Қозоғистон ўзбекларининг «Дўстлик» миллий-маданий маркази раҳбари Икром Ҳошимжонов, Ўзбекистон билан алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани фахр билан таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, президентларимизнинг эзгу ҳаракатлари билан дўстона алоқаларимиз янада самимийлашиб бормоқда. Бу каби илиқ муносабатлар барча соҳалар қатори маданий-маърифий алоқаларимиз ривожланишида ҳам ўз аксини топмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан кексалар, зиёлилар Турбат қишлоғида Туроб Тўланинг 1968 йилда нишонланган 50 йиллик, 1978 йилда ўтказилган 60 йиллик юбилейларини эслатиб ўтишди. Ўша тадбирларда Ўзбекистоннинг номдор шоир ва ёзувчилари Турбатга бориб, шоирнинг хурсандчиликларига шерик бўлишган, турбатликлар билан қизғин суҳбатлашиб уларнинг хотирасида қолишган эди.
Маросимда сўзга чиққан «Жанубий Қозоғистон» ижтимоий-сиёсий газетасининг Бош муҳаррири Алишер Сотволдиев ажойиб тадбирнинг гувоҳи бўлганини қайд қилиб ўтди. Туроб Тўла номли умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан шоирнинг шеърлари ўқилди, спектакллардан парчалар ижро этилди.
Туроб Тўланинг 100 йиллигига бағишланган тантанали маросимдан сўнг, қишлоқ марказида яқинда фойдаланишга топширилган ресторанда эҳсон берилди. Адиб хотирасига Қуръон тиловот қилинди.
Шарофиддин Тўлаганов