Кўркамлиги жиҳатидан жаҳондаги 10 та аэропортдан бири Ашхабодда

Иншоот Туркманистон авиациясининг рамзи бўлмиш – парвоз қилаётган лочинни эслатади.
Бугунги кунда жаҳондаги ривожланган мамлакатларда суперзамонавий аэропортлар барпо этилмоқда. Йўловчилар оқимининг йил сайин кўпайиб бораётганини инобатга олган Туркманистон ҳукумати ҳам пойтахт Ашхабодда янги халқаро аэропорт қурди.
01.jpg
Янги иншоот Туркманистон авиациясининг рамзи бўлмиш – парвоз қилаётган лочинни эслатади. «Ўғузхон» номи билан аталувчи Халқаро аэропорт тендерда ғолиб чиққан Туркиянинг Polymeks Company компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Туркия компанияси Германиянинг иккита – EWC ва Hoshtief ҳамда Франциянинг иккита – Bouygues ва VINCI Construction компанияларини доғда қолдирди. Шуни эслатиб ўтиш керакки, Туркия компанияси Туркманистонда қурилиш борасида катта тажрибаларга эга. Умумий ҳисобда бу компания 120 та қурилиш лойиҳасини амалга оширган.
04.jpg
Учта – йўловчи, VIP ва юк терминаллари бўлган янги аэропорт бир соатда 1600 йўловчига хизмат кўрсата олади. Бу дегани бир йилда 14 миллион йўловчи Ашхабоддаги Халқаро аэропорт хизматидан фойдалана олишини англатади. Лойиҳа қиймати 2,2 миллиард долларга тенг аэропорт қурилиши 2013 йилда бошланди ва 2016 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилди. 3800х75 метрлик учиш-қўниш майдончаси барча русумдаги самолётларга хизмат кўрсата олади. Мазкур аэропорт ўзининг кўркамлиги жиҳатидан жаҳондаги 10 та аэропортдан бири сифатида тан олинди.
03.jpg
Янги аэропорт таркибида 95 та турли (60 та йирик ва 35 та кичик) иншоот мавжуд. Аэровокзал мажмуаси 1200 гектар ҳудудни қамраб олган.
Ашхабод аэропортида (Aşgabat aeroporty) «Туркменховаёллары» авиакопаниясининг қароргоҳи жойлашган. Аэропорт атрофида автомобилларнинг бепул тураргоҳи туну кун ишлайди. Унинг яқинида эса шаҳар транспорти ва таксилар бекати бор.
Йўловчилар терминали беш қаватдан иборат бўлиб, ички ва халқаро йўналишларга хизмат кўрсатади. Кутиш ва рўйхатга олиш заллари, информацион табло, маълумотлар бюроси, сенсорли электрон маълумотлар системаси, чипта кассалари, интернет-кафе, почта бўлими, телефон-автоматлар, автотранспорт ижараси пунктлари, валюта айирбошлаш шахобчалари, кафетерия, ресторан, «duty-free» дўконлари жаҳон стандартлари даражасида. Учувчилар ва транзит йўловчилар учун меҳмонхоналар, оналар ва болалар хонаси ҳам қурилди. Болалар майдончаси, тез тиббий ёрдам кўрсатиш хонаси ҳам ноёблиги билан ажралиб туради. Шуни айтиш керакки, 2014 йилда Ҳаво транспорти ходимларини тайёрлаш мактаби ўз фаолиятини бошлаган эди.

 

Шарофиддин Тўлаганов