Нега светофорнинг кўзлари уч хил рангда?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега светофорнинг кўзлари уч хил?! Тўхташ белгиси нега бошқа рангда эмас, айнан қизил рангда? Ҳаракатланиш белгиси эса нега айнан яшил рангда?
Гап шундаки, илк белгилар машиналар учун эмас, балки поездлар учун яратилган. Қизил ранг дунё маданиятида кўпинча хавф-хатарни билдирган ва бу бежиз эмас. Унинг кўз илғайдиган спектрида энг юқори тўлқин давомийлиги мавжуд, шунинг учун ҳам узоқ масофадан бошқа рангларга нисбатан яққол кўринади. Қизил ранг «Тўхта» маъносини машиналар пайдо бўлишидан анча олдин ҳам билдирган: илгари замонда олдиндаги йўлнинг очиқ ёки берклигини билдирувчи шу рангдаги йўл кўрсаткичлардан фойдаланилган.
Яшил ранг темир йўл ҳаракатида огоҳлантирувчи маънога эга бўлган ҳамда «Диққат!» огоҳлантириш белгиси ҳисобланган. Оқ ранг темир йўл ҳаракатида йўл очиқлиги ва ҳаракатланиш мумкинлигини англатган. Вақт ўтиши билан яшил ранг белгисининг “вазифаси” сезиларли равишда ўзгарган. Кўриш спектрида яшил рангда ҳам қизил ва сариқ ранглар каби энг юқори тўлқин давомийлиги мавжуд бўлиб, узоқ масофадан яққол кўринади. Шунинг учун ҳам йўл очиқлиги ва ҳаракатланиш мумкинлигини англатувчи оқ ранг яшил рангга ўзгартирилган. Оқ ранг бир қанча ҳалокатларга сабаб бўлган. Масалан, қоронғуда оқ рангдаги белги осмондаги юлдузлар билан уйғунлашиб кетган ва ҳайдовчи йўлда ҳаракатланаётганда тахмин қилишига тўғри келган.
Ўз ўрнини оқ ранг билан алмашган яшил ранг ўрнига сариқ ранг танланган. Сариқ ранг кўпроқ ҳушёрликка чақиради. У ҳам қизил ва яшил сингари кўзга ташланувчи рангдир.
Умида Қурбонова