Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида ишлар тартибли йўлга қўйилганми? Қайта олиб борилган журналистик суриштирув натижаси қандай?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг www.uza.uz сайтида 2018 йил 5 февраль куни “Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимида ишлар тартибли йўлга қўйилганми?” сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда Мирзо Улуғбек тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида фуқароларни овора қилиш, узоқ муддат навбатда туриш ёхуд ходимларнинг ишга кеч келиши, намуна ойналарининг тўлдирилмагани, эшикларда мутахассислар исм-шарифи, хизмат кўрсатиш йўналиши кўрсатилмагани ҳақида камчиликлар борлиги айтилганди.

ЎзА мухбирлари Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими фаолиятини бир ҳафта давомида кузатди.

Бўлим бошлиғи, бошлиқ ўринбосари, Ўзбекистон фуқароларини доимий рўйхатга қўйиш ва чиқариш, чет эл фуқароларини вақтинча рўйхатга қўйиш, фуқароларни чет элга вақтинча чиқариш бўйича мутахассис, фуқароларимизни вақтинча рўйхатга қўйиш, вояга етмаганларни паспорт билан расмийлаштириш, доимий яшовчи чет эл фуқаролиги бўлмаган шахслар билан ишлаш йўналиши, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини биометрик паспорт билан расмийлаштириш бўлимларида фуқароларга хизмат кўрсатилмоқда.

Эшикдан кираверишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбар ходимларининг қабул кунлари ва вақтлари ёзилган. Шу билан бирга миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг иш тартиби ҳам ҳар куни 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган. Пайшанба профилактика куни экани ҳам қайд этилган. Расмий маълумотлар базаси тўлдирилган. Қабул қиладиган мутахассислар хонасининг чизмаси ташкилотга иш билан келган юртдошларимиз учун қулайлик яратмоқда.

Айни вақтда муассаса қошида олтита хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд. Қайсики, йўналиш бўйича бўлса ҳам, улар сизга керакли ҳужжатларни айта олади ва тўлдириб беради. Бу аҳолига қулайлик яратиш мақсадида яхши ва пухта ўйланган чора эканини таъкидлаган эдик. Эндиликда уларнинг муносабати, аҳолига бераётган кўмагидан мурожаат қилувчилар хурсанд.

2011 йил 5 январда “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ мамлакатимизда аҳолига халқаро стандартларга жавоб берадиган биометрик паспортлар берила бошланган эди.

Ушбу паспорт эгасининг биографик маълумотлари, шунингдек, рақамли фотосурат ҳамда бармоқлар изи туширилган биометрик параметрларини ўзида жамлаган электрон ахборотга эга ҳужжатдир. Мазкур бўлим томонидан паспорт берила бошлагандан буён, 188 мингдан ортиқ фуқарога биометрик паспортлар берилди. Жорий йилнинг шу давригача 2 минг 600 дан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатилди.

Айни вақтда тумандаги маҳаллалар томонидан имконияти чекланган, юролмайдиган, касаллик натижасида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига келолмайдиган фуқаролар мурожаатига кўра, соҳа ходимлари ўша фуқарони биометрик паспорт учун расмга тушириш, бармоқ изларини олиш мақсадида махсус аппаратларни хонадонларга олиб бормоқда. Бу аҳолининг манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётир. Ҳужжат тайёр бўлгач, жисмоний имконияти чекланганларнинг хонадонига бориб, фуқаролик паспорти топширилади.

Фуқароликка қабул қилиш, фуқароликдан чиқариш, фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий рўйхатга олишга оид намунавий пештахталар ҳам намуналар билан тўлдирилган. Бу фуқароларга янада қулайлик яратмоқда. Навбат кутаётганлар ҳам кўп эмас. Бу ишингизни тез битиши, муаммонинг осон кўчиши учун кенг имконият яратмоқда.

Бу каби жиддий масалаларни ҳал этиш фақат биттагина ташкилот ёки ходимнинг иши эмаслигини англаган соҳа мутахассислари ҳамкорликда вазиятни яхшилаш, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Ўйлаймизки, бу саъй-ҳаракатлар бардавом бўлади.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА