Мамлакатимиз жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан маданий алоқаларини тобора кенгайтириб бормоқда. Жумладан, бир қатор хорижий давлатларда юқори савияда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон маданияти кунлари дунё ҳамжамиятининг ўзбек маданияти ва санъатига, юртимизга, қадимий анъаналаримиз ва ибратли қадриятларимизга бўлган қизиқишини оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маълумотига кўра, Вьетнам пойтахти – Ханой шаҳрида жойлашган Катта опера театрида Ўзбекистон маданият кунларига бағишланган тантанали гала-концерт бўлиб ўтди.
Театр фойесида юртимиз маданияти, миллий анъана, урф-одатларини акс эттирувчи фотокўргазма ҳамда амалий санъат, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ташкил этилди.
Концертда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Яҳёбек ва Муҳсинбек Мўминовлар, эл суйган хонанда ва созандалар, раққосаларнинг ижро маҳоратлари вьетнам аҳлида катта таасссурот қолдиргани уларнинг гулдурос олқишларидан маълум бўлди.
Бу каби маданий тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Назокат Усмонова, ЎзА