Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Ўзбекистон – Франция» дўстлик жамиятининг «Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари ва гастрономик туризмни ривожлантириш» грант лойиҳаси доирасида «Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари ва туризмни ривожлантиришда инновацион ғоялар» мавзуидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал Демократик партияси сиёсий кенгаш ижроия қўмитаси, туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази вакиллари ҳамда Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети, Қарши давлат университети талабалари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида юртимизнинг сайёҳлик имкониятлари, тарихий шаҳарлари, муқаддас қадамжолари ва зиёратгоҳларини дунёга танитиш каби вазифалар ўз аксини топган. Бу борада белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбир ҳам юртимизнинг сайёҳлик имкониятларини дунёга танитиш, ОАВда, ижтимоий тармоқларда бу борада амалга оширилаётган хайрли ишларни мунтазам ёритиш, иқтидорли талабаларни бу соҳада инновация яратишга сафарбар этиш, чет тилини мукаммал биладиган ёш кадрларни соҳада ишлашга сафарбар этиш каби масалаларни ҳал этишга қаратилган. Шу мақсадда эълон қилинган «Энг яхши ведеоролик» танлови ғолиблари «Ўзбекистон – Франция» дўстлик жамиятининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Раҳима Ширинова, 
«Ўзбекистон – Франция» дўстлик жамияти ижрочи директори.