Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси очилди

Бухоро вилоятида 19 апрель куни Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ўзбекистон узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш имконини берадиган муҳим углеводородли салоҳиятга эга. Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиёдаги барча минерал захираларнинг учдан бир қисми Ўзбекистонда жойлашган. Мамлакатимиз газни қазиб чиқариш бўйича дунёнинг илғор йигирматалигига киради.

Бугунги кунда Ўзбекистон нефть-газ саноати нафақат ер ости бойликларини қазиб олиш, балки хомашёни қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчи мажмуалар тизимига айланди. Бу тармоқ юксак ривожланган саноат ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича қатор йирик корхоналарни бирлаштирди.

Ҳозирги босқичда тармоқнинг асосий иқтисодий йўналишларидан бири углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва ундан қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш ҳисобланади. Бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш учун мамлакатимизга нефть ва газни қазиб чиқаришда етакчи қатор йирик чет эл компаниялари жалб этилмоқда. Россиянинг “Лукойл” нефть компанияси билан ҳамкорликда “Қандим-Хаузак-Шоди-Кўнғирот” маҳсулот тақсимоти битими доирасида бунёд этилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси улардан биридир.

Таъкидлаш жоизки, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муддатидан 8 ой аввал қуриб битказилди. Бундан роппа-роса икки йил илгари 2016 йил 19 апрелда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтган эди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этган эди. Мажмуа ва инфратузилма объектларини барпо этишда 10 мингга яқин ишчи-мутахассис қатнашди. Корхона фойдаланишга топширилгач, 2 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилди.

Қандим газконденсат конлари гуруҳи негизида бунёд этилган мазкур саноат корхонаси Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг юксак намунасидир. Унинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлашга мўлжалланган. Мажмуа тўла қувват билан ишлаганда 212 минг тонна соф олтингугурт, 134 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденсати олинади, тозаланган табиий газ экспортга йўналтирилади.

Давлатимиз раҳбари мажмуанинг технологик жараёнини кўздан кечирди. Лаборатория ва марказий бошқарув пультида бўлди.

Қандим газни қайта ишлаш мажмуасига газ қазиб олиш ва йиғиш тизими, иккита газни қайта ишлаш технологик тармоғи, маҳсулотларни ортиш ва ташиш учун терминаллар, магистрал газ қувури орқали табиий газни экспорт қилиш ҳамда муҳандислик ва энергоресурслар билан таъминлаш қурилмалари киради. Бу ерга газ иккита табиий газ йиғиш пунктига бирлаштирилган 114 қудуқдан келади.

Лойиҳа доирасида Қоракўл туманининг олис чўл ҳудудида 1 минг 150 кишига мўлжалланган замонавий шаҳарча бунёд этилди. У ерда ишчиларнинг яшаши ва дам олиши учун барча шароит яратилди. Бундан ташқари, 500 километрлик технологик ва қувур тармоқлари, 280 километрдан ортиқ йўллар, 50 километрлик темир йўл, 272 километрлик электр узатиш линиялари барпо этилди.

Корхона маъмурий биносида мажмуанинг ишга туширилишига бағишланган маросим ўтказилди. Унда Россия Федерацияси энергетика вазири Александр Новак, “Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов, дипломатик корпус, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, завод ишчи-муҳандислари, ёшлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

a11e05b7-d9fc-5f88-e1df-638f4ab7381b.jpg

Давлатимиз раҳбари Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар саноатнинг етакчи йўналишларини изчил ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ёқилғи-энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилаётгани, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлиги барча соҳада жадал ривожланиб бораётганининг ёрқин намунаси эканини қайд этди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг табригини энергетика вазири Александр Новак ўқиб эшиттирди.

“Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муҳандиси Шаҳзод Қурбонов, нефть-газ соҳаси фахрийси Комил Фозилов ушбу сана мамлакатимиз учун тарихий кун экани, чўлдаги мўъжизага айланган ушбу мажмуа Ўзбекистонда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган ислоҳотларнинг натижаси эканини таъкидлади.

Шундан сўнг Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди…

Бухоро вилояти катта саноат, илмий-техникавий ва интеллектуал салоҳиятга эга. Бу ўз навбатида янги мажмуани самарали ишлатиш учун замин яратади. Янги корхона вилоят иқтисодиёти учун ўзига хос локомотив бўлибгина қолмасдан, бутун мамлакатимизни углеводород маҳсулотлари билан таъминлаш тизимини тубдан яхшилаш ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 сентябрдаги «2016 – 2020 йилларда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бу борадаги ишлар изчил ривожлантирилади.

Умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд ушбу улкан лойиҳада Жанубий Кореянинг «Хюндай инженеринг» компанияси асосий қурувчи-пудратчилардан бўлди. Ҳеч шубҳасиз, бу янги саноат комплекси нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасидаги ноёб саноат объектларидан бирига айланди.

– Биз бугун жуда муҳим воқеага гувоҳ бўлдик, – деди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. – Мен икки йил аввал мана шу мажмуа пойдеворига тамал тоши қуйилган кунни мамнуният билан эслайман. Россиянинг «Лукойл» ва Кореянинг «Хюндай инженеринг» компаниялари катта қизиқиш билдирган мазкур лойиҳа ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ривожлантиришда муҳим босқичдир. қандим лойиҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистон фақат табиий хомашёси билан чекланмай, уни чуқур қайта ишлашда Қандим мажмуаси катта имконият яратади.

– Мазкур улкан саноат корхонаси Ўзбекистон, Россия ва Корея Республикаси муваффақиятли ҳамкорлигининг намунавий лойиҳасидир, – деди Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ёнг У. – Қандим мажмуаси Ўзбекистонда газдан унумли фойдаланиш, уни экспорт қилиш кўрсаткичлари ошишига салмоқли ҳисса қўшади. Ўйлайманки, муваффақиятли амалга ошган ушбу лойиҳа бошқа соҳаларни модернизация қилиш ва ривожлантириш жараёнида кореялик инвесторларнинг иштироки ошишига катта туртки беради.

Хулоса қилиб айтганда, Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилиши Ўзбекистонда газ конларини ўзлаштиришда янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлган нефть-газ соҳаси ривожи мамлакатимиз иқтисодий юксалиши ва халқимиз фаровонлиги янада ошишида муҳим омил бўлади.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА