Суперлига–2018 тобора ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Ҳар турда бир нечта муросасиз баҳсларнинг гувоҳи бўлаётирмиз. Етакчиларнинг очко йўқотиши “осонлашиб” кетди. Хуллас, янги формат бизга юқори ҳароратли ўйинларни тақдим этиб турибди. Айниқса, навбатдаги 6та тўқнашувни томоша қилиб, зерикишга вақт тополмай қолсак ажаб эмас!
19 апрель куни 7-турга старт берилади. Аҳамиятлиси шундаки, бу гал барча олти баҳснинг марказий мақомдан фарқ қилмайдиган даражада ўтиши кутилмоқда. Жуфтликларнинг ҳаммаси ҳам бир-бирларига ном жиҳатдан тенг бўлмасликлари мумкин, аммо турнир жадвалидаги ўринлари, ҳозирги ўйин даражалари, “олтин очко” масалалари борки, турни ҳар галгидан ҳам чиройли ўтишини таъминлаб беради. Бир эътибор берайлик-а:
“Бухоро” – “АГМК”. Виктор Кумиков шогирдлари сафарда ҳам уйда ҳам бир хил натижа қайд этишмоқда. 6-турдан сўнг тўпланган 8 очконинг тенг ярми сафарда қўлга киритилган. Шунингдек, “АГМК” суперлига карвонбошиси “Бунёдкор” билан дуранг қайд эта олган ягона жамоа бўлиб турибди. “Бухоро” эса уйида ҳеч кимни аяётгани йўқ. “Сўғдиёна”, “Қўқон-1912”, ҳатто “Пахтакор” ҳам Бухородан қуруқ қўл билан ортга қайтишга мажбур бўлганлар рўйхатида. Қисқаси, Улуғбек Бақоев шогирдлари ўз майдонларида ҳозирча хато қилишмаяпти. Шу нуқтайи назардан беллашув жуда кескин ўтишини тахмин қилиш мумкин. Бир-бирига ҳар томонлама муносиб бўлган мазкур рақибларнинг имкониятларини тенг, деб баҳоласак бўлади.
“Металллург” – ”Пахтакор”. Бу учрашувнинг мезбонлар учун аҳамияти жуда юқори. Агар улар ғалаба қозона олсалар, Шота Арвеладзе жамоаси билан ораларидаги уч очкони йўққа чиқаришади. “Пахтакор” зафар қучган тақдирда ҳамшаҳарлари “Бунёдкор” билан ўртадаги фарқни қисқартиришлари эҳтимоли бор. Сабаби Миржалол Қосимов шогирдларини Наманганда жуда оғир ўйин кутиб турибди. Ҳозирча “Металлург” уй учрашувларини бой бериб улгурмади. Тошкет грандининг эса сафарда ишлари юришмаяпти. Икки ўйин – икки мағлубият. Жамоаларнинг бу йилги ўйин савияларига эътибор қаратсак, катта фарқ йўқ. Кучли олтилик ҳам режаларида борлиги турган гап. Шу маънода “олтин очко” масаласи ҳам ўртага тикилади. Мазкур жуфтликда ҳам ғолиб масаласида бирор гап айтиш қийин.
“Навбаҳор” – “Бунёдкор”. Шубҳасиз, Намангандаги қарама-қаршилик турнинг энг шиддатли тўқнашувига айланади. “Қалдирғочлар”нинг ҳақиқий кучлари 20 апрель куни синовдан ўтади. Чунки бу стадиондан амалдаги чемпион “Локомотив” мағлуб ҳолда чиқиб кетди. “Насаф” зўрға бир очко олиб қайтди. Илҳом Мўминжонов жамоаси ўз уйида мағлубиятсиз серияни давом эттирмоқда. Шунингдек, суперлига ва кубокдаги кетма-кет икки мағлубиятни мухлисларининг ёдидан чиқариш учун ҳам майдон эгалари борларини беришлари аниқ. Бу ўйинда ҳам жамоаларнинг имкониятларини тенг, деб баҳолаш мумкин.
“Қизилқум” – “Нефтчи”. 6-тур якунига кўра “Қизилқум” уч очко билан ўн биринчи, “Нефтчи” 2 очко жамғариб сўнгги – 12-поғонани банд қилган. Шу жиҳатдан ғалабанинг аҳамияти жуда юқори. Муваффақият қозона олган жамоа “хавфли зона”ни тарк этиши ҳеч гап эмас. Негаки, улардан олдинда бораётган “Сўғдиёна” ва “Локомотив” мос равишда 4 ва 5 очко тўплашган. Бундан ташқари, ҳар иккала рақиб ҳам ниҳоятда тажовузкор ва очиқ футбол кўрсатишмоқда. Бу баҳсни томоша қилиб ундаги шиддатдан завқланишингиз аниқ. Хуллас, клубларда учрашувга жиддий эътибор бериш учун сабаблар етарли. Ўйин Зарафшонда ташкил қилинишини ҳисобга олсак, мезбонларда бироз имконият юқорироқ.
“Қўқон-1912” – “Насаф”. Бу ўйинда олимпия терма жамоамизнинг икки етакчиси, Одил Ҳамробеков ва Жавоҳир Сиддиқов бир-бирларига қарши майдонга чиқишади. Икки иқтидорли мутахассис – Рўзиқул Бердиев ва Нўъмон Ҳасановнинг тактик курашлари бўй кўрсатади. Сафарда тўлиқ ўзини намоён қила олмаётган “Аждарлар”нинг “оловлар”и Қўқонда ўчиб қолиши ҳеч гап эмас. Мезбонлар эса ўз уйларида мавсумдаги иккинчи меҳмонни кутиб олишади. Шу маънода футболни анча соғиниб қолаётган мухлисларига фақат ғалабани тортиқ этишга ҳаракат қилишлари турган гап. Қисқаси, учрашувнинг Намангандаги баҳсдан қолишадиган жойи кўринмаяпти. Имкониятлар ҳам, бизнингча, тенг.
“Локомотив” – “Сўғдиёна”. Жиззах клубига Сергей Лушан таклиф этилиши билан уларнинг ишлари юришиб кетди. Дастлаб уйда кучли рақиб, “Навбаҳор” мағлуб этилди. Бир неча кундан сўнг мутахассис “Металлург”ни кубок баҳсларидан қуруқ қолдириб, “почин”нинг тасодифий эмаслигига ишора қилгандек таассурот қолдирди. “Сўғдиёна”да кайфият жуда юқори. “Локо”да эса бунинг акси. Клуб ўзидан кутилган ўйинни намойиш эта олмаяпти. 17 апрель куни улар ОЧЛдан ҳам умидларини узишди. Қўшимчасига кетма-кет дисквалификациялар ҳам уларнинг ишларини орқага тортиб турибди. Мазкур жиҳатларни ҳисобга олсак, меҳмонлар номдор рақибга қарши фақат 3 очкони кўзлаб ҳаракат қилсалар не ажаб? Тўққизинчи ва ўнинчи қаторларни банд қилиб турган “қўшнилар”нинг номи, таркиби, савияси қанчалик бир-биридан фарқ қилмасин, Тошкентдаги учрашув анча қизғин ўтиши турган гап. Фаворит ҳақида сўз кетганда эса биз, бари бир, мезбонларнинг кучларини бир оз юқори баҳолаган бўлардик.
7-турдан сўнг клубларимизнинг имкониятлари хусусида дастлабки хулосаларни чиқаришимиз мумкин бўлади. Чунки олтита жуфтликдан бештаси шунчалик бир-бирига муносибки, ютуқлар, камчиликлар, даражалар яққол кўриниб қолади. Алқисса, суперлигамизда ўзгаришлар шабадаси анчайин кучаймоқда. Бу шабада терма жамоаларимизга етиб бориб, кейинчалик бутун жаҳон футбол байроқларини ҳилпиратишидан умидвормиз.
О.Ҳайдаров ЎзМУ талабаси