Мамлакатимизда Олмаота вилояти кунлари

Қозоғистонда 2018 йил Ўзбекистон йили, деб эълон қилинди. Бу тарихий воқеа икки давлат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

1.jpg

Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Қозоғистонда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий тадбирлар, турли учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Мамлакатимизда жорий йилнинг 12 апрелидан бошланган Олмаота вилояти кунлари шулардан бири.

14.jpg

Мамлакатимиздаги Қозоғистон элчихонасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон вакиллари ўртасида бизнес-форум ташкил этилди.

15.jpg

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда масъул ходимлар, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари, Қозоғистоннинг Олмаота вилояти делегацияси аъзолари, журналистлар иштирок этди.

18.jpg

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Ўроқов, Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Е.Утембаев, Олмаота вилояти ҳокими А.Баталов ва бошқалар давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстлик муносабатлари икки мамлакат компаниялари ва ишбилармонлари манфаатли алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда корхоналар фаолиятини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини алоҳида таъкидлади.

22.jpg

2017 йил якунларига кўра, давлатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 8,6 фоиз ошган. Ҳозирги кунда мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокидаги 281 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 238 таси қўшма ва 43 таси 100 фоиз Қозоғистон сармояси асосида ташкил этилган корхоналардир. 14 компания мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган.

29.jpg

– Мамлакатимизда тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлашга бежиз алоҳида эътибор қаратилмаётир, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Б.Мирзажонов. – Негаки, бу қўшни давлатлар билан ҳам ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари фаолияти, хусусан, Олмаота вилоятининг иқтисодий имкониятлари билан батафсил танишиш имкониятига эга бўлдик.

35.jpg

– Олмаота вилояти Қозоғистонда барча соҳаларда муҳим ўрин эгаллайди, – дейди Олмаота вилояти туризм бошқармаси раҳбари Ж.Алчимбаева. – Шу сабабли учрашувда ушбу вилоят имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумотлар бердик. Бугунги мулоқотда биз, айниқса, Андижон вилоятининг иқтисодий имкониятлари билан яқиндан танишдик. Мақсадимиз барча соҳаларда икки томон учун ҳам манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

Тадбир доирасида пойтахтимизнинг «Туркистон» санъат саройида катта концерт дастури намойиш этилди. Унда қозоғистонлик 130 нафардан ортиқ санъаткор ўзбек-қозоқ дўстлиги ришталарига монанд куй-қўшиқлар ижро этди. Сарой фойесида Қозоғистон делегацияси томонидан ташкил этилган миллий ҳунармандлик ва тасвирий санъат асарлари намойиши ҳам барчага манзур бўлди.

Мамлакатимизда бошланган Олмаота вилояти кунлари давомида делегация аъзолари Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишади.

 

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА