Кўзбўямачиликка уринган раҳбарлар жазоланади

Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилояти фаоллари билан йиғилишда вилоятларга сафарлар олдидан ижтимоий соҳа ходимларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани, айрим жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини жиддий танқид қилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузуридаги Пресс-холлда шу масалага оид брифинг ўтказилди. Унда Президент Матбуот котиби Комил Алламжонов давлатимиз раҳбарининг танқидидан кейин кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

– Президент бундай ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизм яратиш бўйича топшириқлар берди. Топшириққа кўра, аҳолини, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари, талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ишлаб чиқилади, – деди К.Алламжонов. – Ушбу қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам акс этади. Бунда хорижий давлатларнинг тажрибаси ҳам инобатга олинади.

Брифингда фуқароларни жамоат ишларига мажбурлаш ҳолатлари яна кузатилса, Президентимиз таъкидлаганидек, жазо қаттиқ бўлиши, жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Алоҳида қайд этилганидек, Президент бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйган. Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берган. Ҳозирда бу ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев жойлардаги кўзбўямачилик ҳолатларидан ҳам норозилигини билдирган эди. Шундан келиб чиқиб, хўжакўрсин ишлар юзасидан прокурорлик текшируви ўтказиш бўйича кўрсатма берилган. Давлатимиз раҳбари яна шундай кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида доимий ва қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. Эндиликда кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади.

Брифингда Президентимиз берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазолангани ҳақида оммавий ахборот воситалари, жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги медиа-марказ орқали хабарлар бериб борилиши таъкидланди.

 

Улуғбек Асроров, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА