Гулистонда билимдонлар маскани иш бошлади

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳрида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Билимдонлар масканида бўлди.

Гулистон шаҳрининг Ислом Каримов кўчасидаги мавжуд хиёбон қайта реконструкция қилиниб, янги маскан иш бошлади. Мажмуада вилоят аҳолиси, айниқса, ёшлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда 1 та китоб дўкони, 1 та гул дўкони ҳамда китобхонлар учун махсус айвонлар барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур айвонда вилоят ижодкор зиёлилари, ижтимоий соҳа, ёшлар вакиллари билан учрашди. Учрашувда мамлакатимиз ва халқаро аҳамиятга молиқ масалалар хусусида сўз юритилди.

Бугун юртимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг юқори самарасини бермоқда. Янги корхона ва ишлаб чиқариш объектларининг ишга туширилиши мамлакат иқтисодини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.

– Оддий халқни рози қилишимиз учун жуда кўп ишлар қилишимиз керак, – деди Президент. – Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Сирдарё вилоятида ҳам янги корхоналар қуришимиз зарур. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг билим ва малакасини ошириш йўлида қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Билимдонлар маскани ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва баркамол авлодни вояга етказишда муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

 

Абу Бакр Ўрозов, ЎзА